АсосийJamiyat

Ўзбекистонда спорт тоифасига мансуб янги автомобиллар ишлаб чиқарилади

'Ўзбекистонда спорт тоифасига мансуб янги автомобиллар ишлаб чиқарилади'ning rasmi

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда соҳага илғор халқаро тажриба асосида замонавий бозор механизмлари ва бошқарув услубларини татбиқ этиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулот турларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, 2019 йилда UzAuto Motors ҳажмларни 220 минг донадан 271 минг дона автомобилга етказиб (бу 2018 йилдагидан 23,2%га кўп), ишлаб чиқарилган автомобиллар сони бўйича рекордни янгилагани қайд этилди. 2020 йилда енгил автомобилларни йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 350 минг донагача кенгайтириш кўзда тутилаётгани таъкидланди.

«Хорижий компаниялар билан келишувлар натижасида «Ўзавтосаноат» АЖ корхоналари базасида пластмасса ва шовқиндан ҳимоялаш деталлари, кабеллар, интерьер деталлари, технологик жиҳозлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, — деди стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодиров. — Бу маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизгача етказиш имконини беради».

Мутасаддилар 2019 йил якунида UzAuto Motors компанияси SUV (Sport Utility Vehicle — «спорт-утилитар автомобил») тоифасидаги тўртта янги автомобил модели, яъни Chevrolet Trailblazer, Chevrolet Traverse, Chevrolet Tahoe ва Chevrolet Equinox ни тақдим этганини билдирди. 2020 йилда ягона глобал платформада янги автомобиль моделларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа ишга тушиши кутилаётгани маълум қилинди. «Ўзавтосаноат» АЖ вакилларининг сўзларига кўра, айнан мана шу платформаларда SUV тоифасидаги автомобиллар ва седанлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.


 

    Бошқа янгиликлар