АсосийJamiyat

Дарёдан кечиб ўтаётган ўқувчилар бўйича Деҳқонобод тумани маҳаллалар кенгаши ҳам муносабат билдирди

'Дарёдан кечиб ўтаётган ўқувчилар бўйича Деҳқонобод тумани маҳаллалар кенгаши ҳам муносабат билдирди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Шамоликам қишлоғида кўприк йўқлиги сабабли ўқитувчи ва ўқувчилар дарёдан кечиб ўтаётганлиги ҳақида маълумот суратлари билан тарқатилгани ҳақида хабар берган эдик.

 Мазкур хабар юзасидан Декҳқонобод тумани маҳаллалар кенгаши раиси бошчилигида туман кенгаши, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва масъул котибларидан иборат 7 кишилик Ишчи гуруҳи  томонидан ҳам  ўрганилди.

Жамиятда жамоатчилик назоратининг бўлганлиги ҳам яхши. Акс ҳолда, мутасаддилар ўзларига тегишли ҳудудлардаги муаммолардан хабар топиши ва уларни ўз вақтида ҳал этиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишга қийналишар эди.

Очиғи, суратдаги ҳолат ачинарли эди — унда бир қатор ўқувчиларни елкасига опичиб, сувдан ўтказаётган ўқитувчи тасвирланганди. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида турли мунозараларни ҳам туғдиргани шубҳасиз.

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилоятининг Декҳқонобод туманида Шамоликам қишлоғида 7-мактаб филиали жойлашган бўлиб, 60 нафар ўқувчи таҳсил олади. Филиалда 8 нафар ўқитувчи бошланғич синф ўқувчиларига таълим-тарбия беради.

— Одатда баҳор ойларида бу ерларга сел келади, — дейди Сайфулла Худойқулов. – Ўша пайт филиалдаги 8 нафар ўқитувчи навбат-навбат ўқувчиларни сувдан ўтказамиз. Бошқа пайт бу ердан сел келмайди.

Вазият билан танишган ҳоким нафақат ўқувчилар учун, дарёнинг нарига томонида истиқомат қилувчи 80 дан ортиқ хонадон вакиллари учун ҳам ўтиб-қайтувчи кўприк қуриб беришни ваъда қилди.

— Иссиқ жоннинг иситмаси бор деганларидек, қишлоқ аҳолиси тез ёрдам машинасини чақириши мумкин ёки ўзлари машинада шифохонага боришга тўғри келиши мумкин. Шунинг учун ҳам аҳоли корига ҳам ярайдиган кўприк қурамиз, — деди ҳоким Зоир Алиқулов қишлоқ аҳолиси билан мулоқотда.

Таъкидланишича, ушбу ҳудуд учун кўприк қуриш таклифи илгари ҳам ўртага ташланган бўлиб, Қарши Минтақавий темир йўл узели билан ҳамкорликда ишлар ҳам бошлаб юборилган. Кўприк қурилиши учун қурилиш материаллари олинган. Йўл текисланган. Аммо бетонлаш ишларини бажариш учун ҳаво совуқ бўлгани боис, маълум муддатга тўхтаб қолган. Ҳоким ишларни давом эттириш учун мутасаддиларга топшириқ берди.

Айтилишича, мазкур ҳудуддаги кўприк сел даври бошлангунга қадар қуриб битказилади.

Филиал ўқитувчилари ва ходимлари билан суҳбат чоғида ҳоким бошқа муаммолар билан ҳам қизиққан.

— Мактабимиз синфхоналари қизимайди, — дейди аҳоли вакилларидан бири Аҳмад Муҳаммадиев. – Боиси, мактаб қозонхонаси нотўғри монтаж қилинган. Қанча кўмир ёқсангиз ҳам исимайди. Ҳаш-паш дегунча ўқиш бошланади. Болаларимиз қийналади.

Мазкур муаммодан хабар топган ҳоким туман ХТБ мудири Ўктам Тошбоевга 1 кун муҳлат бериб, филиалнинг иситиш тизимидаги муаммоларини ўрганиш ва бу ҳақда ҳокимликка ахборот бериш ҳақида топшириқ берди. Айтилишича, таътил тугаб ўқиш бошлангунга қадар филиалнинг иситиш тизимидаги муаммолар ҳам бартараф этилади.

    Бошқа янгиликлар