ЎзР таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2019 йил 4 июлдаги 1-сон баёни билан Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш ТАРТИБИ тасдиқланган эди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг кеча Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида муҳокамага қўйган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ҳукумати қарори лойиҳасида юқоридаги тартибга бирмунча ўзгартириш киритиш таклиф этилибди.
Жумладан, “Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йиллик иш стажига эга бўлган фуқароларни иш фаолиятига мос бўлган таълим йўналишларининг сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш Тартиби Ҳукуматнинг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида"ги Низомга 6-илова сифатида киритилган.
Қарор лойиҳасидаги янги тартибга кўра эндиликда ташкилотлар ўзига керак бўлган кадрни олий маълумотли қилиш учун ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўқитади.
Таклиф қилинаётган яна бир тартиб шундан иборатки, абитуриент биринчи ўқув йили учун оширилган контракт тўловининг камида 50 фоизини ўтказса, олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
Амалдаги тартибга кўра, талаба ўқишга қабул қилиниши учун оширилган тўлов контрактни тўлиғича университет ҳисобига ўтказиши лозим.
Маълумот учун, жорий ўқув йилидан бошлаб ОТМларга вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларида камида беш йил ишлаган ходимларни тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан сиртқи ва кечки таълим учун ўқишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган.
Номзод абитуриентлар иш фаолиятига мос бакалавриат таълим йўналишларига табақалаштирилган тўлов-контракт асосида суҳбат натижаларига асосан талабаликка қабул қилинган эди.






