Жорий йилнинг 8 январь куни соат 16:10да Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Гулзор МФЙда жойлашган «Изза Бобур» оилавий корхонасига қарашли янги қурилаётган омборхона биносида ёнғин бўлаётгани ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 6 та Ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга соат 16:26да етиб борган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, энг яқин ёнғин-қутқарув қисмигача масофа 15 км.ни ташкил этади. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 16:40да ўраб олинди ва соат 17:05да ўчирилди. Бунинг натижасида, алангада қолган бинонинг 300 кв.м. майдони сақлаб қолинган. Аммо, омборхона биносининг 190 кв.м. майдонида синтепон қурилиш маҳсулоти ва том қисми ёнган.
Мазкур ҳодисанинг таҳминий сабаби, синтепон қурилиш маҳсулотини бир бирига фен ёрдамида уланишида эҳтиётсизлик оқибатида келиб чиққан. Тан жароҳати ва ҳалок бўлганлар қайд этилмади. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ тарқалган видеоларда ёнғин намунали уйларда содир бўлганлиги ҳақида нотўғри таҳминлар тарқалган эди.






