Хабарингиз бор, айни пайтда ОТМда таълим олаётган талабалар стипендияси жорий этилган ўзгартиришга кўра, бир хил қилиб, яъни 400 минг сўм миқдорда белгиланган эди. Бу янгилик кенг муҳокамаларга, ҳаттоки кўпчиликнинг норозилигига ҳам сабаб бўлган эди. Бир муддат аввал эса талабалар стипендиясини тўлаш яна ўз ҳолига қайтарилиши ҳақида хабарлар ва сайловолди ваъдалар ҳам бўлган. Айни пайтда эса талабалар стипендияси аввалгидек бешлик, тўртлик ва учлик тартибда тўланиши бўйича қарор лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди:
“Бугун Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов билан талабаларга стипендия тайинлаш тартиби бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокама қилдик.
Кўпчилик талабаларнинг мурожаатларини инобатга олган ҳолда билдирилган таклифлар ҳам лойиҳада акс эттирилиб, ушбу қарор қабул қилиниши билан аълочи, фаол, беш баҳога ўқиётганлар илгаригидек юқори, тўртга ўқиётганлар эса ўз номи билан тўртлик, уч баҳога ўқиганлар эса учлик стипендия олиши кутилмоқда.
Оддий қилиб айтганда, ҳар ким ўз интилиши ва изланишига қараб стипендия олади.
Лойиҳада яна бир қатор яхши янгиликлар бор. Яхшиси тез кунларда қабул қилингач, билиб оламиз.
Насиб бўлса, ҳужжат тез кунларда қабул қилинади”, — дея умид билдирган депутат.






