Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон вилоятларида қашшоқликнинг юқори даражаси кузатилди.
"Тараққиёт стратегияси” маркази Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2018 йилдан буён “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида Жаҳон банкининг Қашшоқлик ва тенглик бўйича глобал амалиёт маркази эксперти Уильям Зейтц раҳбарлигида “Улар қаерда яшайдилар? Марказий Осиёда туманлар миқёсидаги қашшоқлик даражаси, ўртача истеъмол ва аҳолининг ўрта синфи кўрсаткичлари” номли ҳисоботи чоп этилди.
Унда кам таъминланган ва ўрта синф аҳоли яшайдиган туманларнинг хариталари келтирилган бўлиб, энг тез ривожланаётган ва аксинча орқада қолаётган қолоқ туманларни аниқлаш имкониятлари очиб берилган.
Ушбу ҳисоботда фойдаланилган услубнинг ўзига хос хусусияти шундаки, даромад даражаси ўртачадан паст давлатлар учун қашшоқлик даражаси кунига 3,2 АҚШ доллари ва даромад даражаси ўртача даражадан юқори бўлган мамлакатлар учун кунига 5,5 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.
Натижаларга кўра, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон вилоятлари ва Қароқалпоғистон Республикасининг айрим туманларида қашшоқликнинг юқори даражаси, ўрта синф аҳолининг умумий аҳоли сонидаги улушининг энг паст даражаси Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг айрим туманларида кузатилганини кўрсатмоқда.
Ҳисоботнинг асосий мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ўзбек ва рус тилларида қисқача таҳлилий маълумотнома тайёрланди.
Ушбу қўлланма мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини ошириш йўлида фаолият юритаётган барча вазирлик, идора, ташкилот ва илмий марказлар учун фойдали бўлади деган умиддамиз.






