Алимент тўламай юрган оталар жиноий жавобгарликка тортилди, дея маълум қилди “darakchi.uz”га МИБ.
Унга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг 06.10.2016 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор Д.Якубовдан ундирувчи A.Юсупова фойдасига 3 нафар вояга етмаган фарзандлари моддий таъминоти учун ҳар ой топган иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/2 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган эди.
Бироқ, Д.Якубов алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли, Мажбурий ижро бюроси Қўрғонтепа туман бўлими ходимлари томонидан Қўрғонтепа туман маъмурий судига киритилган тақдимномага биноан қарздор Д.Якубовга нисбатан 11.10.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-модасига асосан 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Бундан хулоса чиқармаган Д.Якубов белгиланган жазосини ўтаб бўлгандан сўнг ҳам алиментдан бўлган қарздорлигини тўламай юрган. Натижада ҳозирги кунга қадар 25 млн 839 минг 16 сўм алимент қарздорлиги тўланмаган.
Шунингдек, Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича 06.10.2016 йил кунги суд буйруғига асосан А.Рахмановдан ундирувчи М.Рахмонова фойдасига 2 нафар фарзандлари вояга етгунига қадар алимент тўлаб бориши белгиланган.
Фарзандларини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келган А.Рахманов 03.07.2019 йилда Қўрғонтепа туман маъмурий суди томонидан маъмурий жавобгарликка тортилган бўлишига қарамасдан икки ойдан ортиқ вақт давомида алимент пулларини тўламай келган. Натижада алимент қарздорлиги жами 23 млн 480 минг 245 сўмни ташкил этган.
Қайд этилган ҳолатлар юзасидан, Мажбурий ижро бюроси Қўрғонтепа туман бўлими томонидан қарздор оталарга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан жиноий иш қўзғатилди.






