Қарши шаҳар ИИОФМБда жорий йилнинг биринчи ўн кунлигида содир этилган жиноятлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ, Қарши шаҳар прокуратураси ва ИИОФМБ раҳбарияти ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик вакиллари, жиноятга қўл урган ёшларнинг ота-оналари иштирок этди.
Қайд этилдики, кейинги пайтларда Қарши шаҳрида содир этилаётган жиноятларнинг аксариятини безорилик ташкил этмоқда. Жумладан, Қарши шаҳрида яшовчи 24 ёшли Мухриддин Равшанов муқаддам баданга оғир тан жароҳати етказиш жиноятини содир этгани учун судланган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқариш ўрнига яна безорилик жиноятига қўл урган.
Жорий йил 8 январ куни кеч соат 16:30ларда Мухриддин Равшанов муқаддам судланган Бекзод Эргашев ҳамда таниши Бобур Усмоновлар билан Қарши шаҳридаги “Каприз” гўзаллик салони олдига келиб, Шаҳзод Узоқов ва унинг шериклари Оятулло Абдуллаев, Равшан Бобоназаров, Сардор Равшановни учратиб, ўзаро гуруҳ-гуруҳ бўлиб жанжалашади.
Жанжалда 2-гуруҳдан Мухриддин Равшанов, 1-гуруҳдан ака-ука Шаҳзод Узоқов ва Оятулло Абдуллаев турли даражада тан жароҳати олишган.
Маълум бўлишича, жанжалга Мухриддин Равшановнинг ўзидан тўрт ёш кичик ҳамшаҳри Шаҳзод Узоқов билан эски адовати сабаб бўлган.
Жанжалда жиноят қуроли сифатида Мухриддин Равшанов пичоқдан, Шаҳзод Узоқов эса пневматик тўппончадан фойдаланган.
Муҳокамада жамоат жойида, кўпчиликнинг кўз ўнгида содир этилаётган жиноятларни асосан бирор жойда ишламайдиган, ота-она ва маҳалла-куй назоратидан четда қолган ёшлар содир этаётгани айтиб ўтилди. Қолаверса, маҳалла фаоллари, ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти вакиллари ишсиз ёшларни рўйхатга олиб, бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётгани танқид остига олинди. Келгусида бу каби жиноятларнинг олдини олиш мақсадида барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши борасида тегишли мутасадди идоралар вакилларига тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.