1

Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишлар юзасидан расмий баёнот берди

ЖАМИЯТ 14.01.2020, 16:30
Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишлар  юзасидан расмий баёнот берди

Об-ҳавонинг кескин совуши ва мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида қалин қопламали қор ёғиши муносабати билан электр энергия етказиб бериш жараёнидаги узилишлар ҳамда табиий газ таъминотидаги муаммолар бўйича истеъмолчилардан турли мурожаатлар бўлмоқда.

Республикамиз истеъмолчиларига шуни маълум қиламизки, Энергетика вазирлиги мутасаддилари электр ва газ таъминотидаги вазиятдан хабардор бўлиш билан бирга мавжуд муаммолар ҳамда совуқ тушиши муносабати билан юзага келган ҳолатларни бартараф этиш, аҳоли уй-жойлари ва иш жойларининг барқарор электр энергияси ҳамда табиий газ билан таъминлашга қаратилган барча зарурий чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Юзага келаётган ҳолатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, электр таъминоти тизимида энергияга бўлган эҳтиёжнинг кескин ошиши туфайли мавжуд трансформаторлар ўта юкланишда ишламоқда, айрим ҳолларда эса ўта юкланиш оқибатида носоз ҳолатга келмоқда. Бу, ўз навбатида, республикамизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар бўлишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, истеъмолчиларимиздан илтимос қиламизки, хонадон ва офисларни иситиш учун қўлбола, ностандарт электр мосламаларидан фойдаланманг. Ёнғин хавфсизлиги чораларини кўринг!

Маълумот ўрнида айтиш керакки, охирги уч йил давомида йирик инвестицион дастурлар орқали ва маънан эскирган электр тизимни модернизациялаш ишлари амалга оширилмоқда. Мавжуд трансформаторларнинг хизмат кўрсатиш қувватлари бирмунча оширилган. Бироқ айрим истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан оқилона фойдаланмаслик оқибатида жойларда турли носозлик ҳолатлари (трасформаторларнинг ёниб кетиши) юзага келмоқда.

Энергетика вазирлиги тасарруфидаги масъул ташкилотлар томонидан айни пайтда таъмирлаш бригадалари шакллантирилган, улар вужудга келаётган фавқулодда вазиятларда дарҳол тегишли чораларни амалга ошириш билан машғул. Бундай бригадалар электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида кечаю кундуз фаолият юритиши ташкил этилган. 

Маълумки, мамлакатимизда электр энергиянинг асосий қисми иссиқлик электр станциялари томонидан табиий газни ёқиш эвазига ишлаб чиқарилади. Қазиб олинган ва истеъмолга яроқли ҳолатга келтирилган табиий газ, биринчи навбатда, электр станциялари ҳамда аҳолига эҳтиёжи учун тақсимланган ҳолда етказиб берилади. Аммо айрим истеъмолчиларимиз томонидан газ қувуридаги мавжуд босим режимини ноқунуний равишда, турли насос қурилмалари орқали сунъий равишда тортиб олиши ҳолатлари кузатилмоқда ва бу ҳолат табиий газ таъминотида босим камайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бундай ҳолатлар назорат этувчи органлар томонидан аниқланиб, жарималар белгиланмоқда. Аммо муаммо ечими учун жамоатчилик назорати ҳам зарур.

Мамлакатда истеъмолчилар эҳтиёжлари учун табиий газни қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича қўшимча дастурлар ишлаб чиқилган ва истеъмолчиларни табиий газга бўлган талабни қондиришга қаратилган тегишли чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, газ таъминоти соҳасида ҳам бирмунча ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Масалан, газогорелкали агрегатлар замонавий ва энергия тежовчи газ горелкаларига алмаштирилмоқда. Бир қатор саноат корхоналарини ёқилғининг кўмир каби муқобил турларига ўтказиш бўйича лойиҳалар табиий газни тежашга қаратилган. Ушбу ва бошқа чоралар яқин келажакда мамлакат аҳолисини куз-қиш мавсумида узлуксиз электр энергияси ҳамда табиий газ билан таъминлаш соҳасидаги муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган.

Юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал қилиш учун Энергетика вазирлигининг тегишли департамент мутахассислари туну кун иш олиб бориб, 1154, 71-202-50-55 (электр таъминоти) ва 1104 (71-200-08-04) (газ таъминоти) ТЕЗКОР ЛИНИЯСИ бўйича кириш қўнғироқларига жавоб бермоқда. Аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда. 

Энергетика вазирлиги мамлакатимиз аҳолисига вазиятни тўғри тушунгани учун миннатдорлик билдириш баробарида шуни алоҳида таъкидлайдики, соҳа мутахассислари томонидан электр энергияси ва табиий газ таъминотини яхшилаш учун барча имкониятлар сафарбар этилган.

Юзага келаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1