Ижтимоий тармоқлардаги ҳудудлардаги мактаб ҳожатхоналарининг замонавий талабларга жавоб бермаслиги ҳақидаги эътирозлар ва фотосуратлар тарқалган эди. Бу ҳолатга кўпчилик тармоқ фойдаланувчилари бу фактлар тўғрилигинни айтиб, изоҳ қолдиришган. Мазкур постга Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди. Вазирлик изоҳида шундай ёзилади:
"Бугунги кунда 9942 умумий ўрта таълим мактабларида 12 463 та ички ва ташқи ҳожатхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг 10 809 таси пишиқ ғиштдан, 1 247 таси темир-бетон, 403 таси хом-ғишт ва лой паҳсадан қурилган.
Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра ташқи ҳожатхоналарнинг 1445 таси янгидан қуришга, 1 469 таси мукаммал таъмирлашга муҳтож. Шу билан бирга, ички ҳожатхоналарнинг 197 таси янгидан қурилиши ва мукаммал таъмирланиши лозим.
Халқ таълими вазирлиги мазкур муаммони 2020 йилда ҳал этиш бўйича ўз таклифларини Вазирлар Маҳкамасига киритган.
Шу билан бирга 2019 йилнинг 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Замонавий мактаблар”ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади".
Ушбу хабарда айтилишича юқоридаги қарорга кўра, хорижий тажриба ва мамлакатнинг табиий иқлим шароитларига мос, экологик тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбалари, энергия тежовчи ҳамда илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларини қўллашни назарда тутувчи “Замонавий мактаб”ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланган.
“Замонавий мактаб”ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида мактаб ҳожатхоналарини замонавийлаштириш бўйича ишлар ҳам олиб борилади.






