Жанубий Кореянинг КЕА (Korea Energy Agency-Корея энергетика агентлиги), WEEnergy, Hanbеk Construction Co., Ltd компаниялари ва Ўзбекистондаги ҳамкорлари «Қуёш энергияси Халқаро институти» ва Қорақалпоқ давлат университети ҳамкорлигида университетнинг гелиополигонида 3 кВт қувватдаги Қуёш фотоэлектрик станцияси ташкил этилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Тантанали очилиш маросимида Жанубий Кореянинг “Hanbek Construction Co., Ltd” компанияси директори Ин Сеунг Рюль, университет ректори А.Реймов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Ж.Ембергенов ва университет жамоаси иштирок этди.
Бугунги кунда Қорақалпоқ давлат университетида “Энергетика”, “Электроэнергетика”, “Электротехника, Электромеханика ва электр технологиялари”, “Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти” таълим йуналишларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ҳозирда ушбу йўналишларда 700 нафардан ортиқ бакалавр босқичи талабалари таҳсил олмоқда.
Ташкил этилган Қуёш фотоэлектрик станцияси ва замонавий русмда жиҳозланган лаборатория хонаси талабалар учун назарий олган билимларини амалиёт билан узвийлигини таъминлашда муҳим йирик лаборатория комплекси, ёш тадқиқотчилар учун тадқиқот объекти вазифасини ўтайди.






