Бугунги кунда ота-оналар фарзандлари ўз вақтларини кўпроқ тенгдошлари билан болалар майдончасида ўтказишини хоҳлашади. Аммо, афсуски, Бухоро шаҳридаги мавзелар ичида ва кўп қаватли бинолар ҳовлисида болалар майдончалари жуда кам. Борларининг ҳам аҳволи талабга жавоб бермайди. Бу ўз навбатида аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, дея хабар берди Бухоро вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси.
Дарҳақиқат, яқинда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ аҳоли вакилларининг Бухоро шаҳридаги А.Жомий кўчаси 6/5 ҳамда 6/6-кўп қаватли уйлар олдида болалар ўйнаши учун ҳеч қандай шароит йўқлиги, мавжуд болалар майдончасидан шу ерда яшовчи фуқаролар томонидан автотураргоҳ сифатида фойдаланиб келишаётгани ҳақидаги видео мурожаат эълон қилинган эди. Фуқаролар бу борада тегишли чоралар кўрилишини сўраб мурожаат қилишди.
Маълум бўлишича, ҳолат вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мутахассислари иштирокида ўрганиб чикилган. Ўрганиш жараёнида аҳоли томонидан қўйилаётган талаб ўринли эканлиги, ҳудудда ҳақиқатдан ҳам болалар майдончасига зарурат борлиги маълум бўлган. Лойиҳа 2020 йил дастурига киритилгани айтилмоқда.
Текширувлар жараёнида "Боғидашт келажак" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Р.Шомуродовга кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдида автомобилларини қолдираётган фуқаролар билан суҳбат ўтказиб, ноқулайликларни бартараф этиш вазифаси юклатилган.
"Бундай мисолларни шаҳарнинг истаган ҳудудидан кўрсатиш мумкин, дейилади Бухоро вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси муносабатида. Болалар майдончалари ҳақиқатдан ҳам етишмаётгани, мавжудлари эса жиҳозланиш ва таъмирланишни талаб қилиши инобатга олиниб, жорий йилда Бухоро шаҳридаги барча мавзе ва кўчалар тўлиқ хатловдан ўтказилади. Ҳамда замонавий болалар майдончалари барпо этилади".