Ижтимоий тармоқлар орқали Уйчи тумани халқ таълими бўлими мудири Шуҳратжон Мурадовнинг умумтаълим мактаблари раҳбарлари ва тизим ходимлари иштирокидаги йиғилишда ўта қўполлик,маданиятсизлик билан қилган муомаласи акс этган видеолавҳа ёритилган эди. Кўплаб танқидларга сабаб бўлган мазкур ҳолат бўйича Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати расмий изоҳ берди.
Келтирилишича, ушбу лавҳа 2018 йил сентябрь ойида тумандаги бир мактабга янги раҳбар қўйилаётган пайтда ёзиб олинганлиги маълум бўлди.
Уйчи туман халқ таълими бўлими мудири вазифасида янги иш бошлаган Ш.Мурадов айрим таълим муассасаларида кейинги пайтда ноқонуний пул йиғиш, туғилган кун ва турли тадбирлар ташкил этиш каби салбий ҳолатлар кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётгани, бу айнан таълим ходимларига хос эмаслигини таъкидлаб, йиғилишда иштирок этаётган раҳбар ва ходимларга юқоридаги ҳолатларга биргаликда курашиш зарурлигини айтган. Лавҳадаги қўпол ва маданиятсиз муомала янги раҳбар қўйилаётган мактаб жамоаси ёки бирор шахсга нисбатан эмас, балки умумий тарзда мисол тариқасида келтириб ўтилган.
Уйчи туман халқ таълими бўлими Ш.Мурадов йиғилиш ўтказилган мактабда бўлиб, раҳбарлик этикасига риоя этмаганлиги учун жамоадан узр сўради.






