Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати “Ғиждувондаги маҳалла аҳли коллеж мактабга айлантирилмаганидан норози: нега президент фармони бажарилмади?” номли мақолага муносабат билдирди.
2019-2020 ўқув йилида Ғиждувон туманида 67 та умумтаълим мактаблари фаолият кўрсатиб, уларнинг умумий қуввати 38 710 ўқувчи ўрнини ва ўқувчилар сони 53 036 нафарни (1,4 коэффицент) ташкил этади. Мавжуд мактабларнинг 39 тасида дарс машғулотлари 2 навбатда олиб борилади.
Ғиждувон туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг таълим олишлари учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 2019 йил Инвестиция ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида 720 ўринли ўқув бинолари қурилди ва 1918 ўринлар таъмирланди. 2020 йилда 1130 та янги ўрин қурилиши ва 624 та ўрин таъмирланиши режалаштирилган.
А.Ғиждувоний шоҳ кўчасида 2 та (5-, 21-) умумий ўрта таълим мактаблари жойлашган. 5-мактабнинг 525 ўринли биносида 1394 нафар, 21-мактабнинг (таълим рус тилида олиб борилади) 720 ўринли биносида 1097 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар қабули тўхтатиладиган ва 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фаолияти тугатиладиган академик лицейлар рўйхатига киритилган 2-сон Ғиждувон академик лицейи биносида Ғиждувон тумани ҳокимлиги, вилоят халқ таълими ва вилоят касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамда Бухоро давлат тиббиёт институтининг таклифларини инобатга олиб, вилоят ҳокимининг 2019 йил 14 июндаги 329-қарорига асосан 60-умумий ўрта таълим мактаби ташкил этилган.
Бугунги кунда мазкур мактабда 1055 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келинмоқда.
Академик лицейнинг 100 ўринли ётоқхонасида туман “Ёшлар иттифоқи кенгаши” ва “Дилкушо” МФЙ, “Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний мадрасасида таҳсил олаётган талабаларга ётоқхона сифатида” берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги фармонига асосан бинолари умумий ўрта таълим муассасалари сифатида фойдаланиш учун ажратилган 20 та касб-ҳунар коллежларидан 4 таси Ғиждувон туманида жойлашган бўлиб, 3 та коллеж биносида янги умумий ўрта таълим мактаблари ташкил этилди.
Ғиждувон тумани, Халқобод МФЙ ҳудудида жойлашган 16-умумий ўрта таълим мактабининг 8 та синф хонасида (240 ўрин) 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати фаолият олиб борган. Ўқув тарбия жараёнини ташкил этишда ҳар иккала таълим муассасасида ҳам қийинчиликлар юзага келган. Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларининг қабул квотасини шакллантиришда етарли шарт-шароит ва ўқув хоналарининг етишмовчилиги сабабли 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига қабул квотаси кам ажратилган ва 2019-2020 ўқув йилида квота ажратилмаганлиги боис ўқувчилар қабул қилинмаган. Бу эса ўз навбатида ота-оналарнинг эътирозларини келиб чиқишига сабаб бўлган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўқувчиларининг сифатли таълим олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ғиждувон тумани, Помўза МФЙ ҳудудида жойлашган 765 ўринли Агросаноат касб-ҳунар коллежи мактаб-интернати балансига берилган.
Туман “Баркамол авлод” болалар мактаби ўз биносига эга бўлмаганлиги, мактабга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йилда янги бино қурилиши режалаштирилганлигини инобатга олиб, 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати биносига вақтинча жойлаштирилган.
2020-2021 ўқув йилида мактаб-интернатининг қабул квотаси оширилиши ва ихтисослик (кимё, биология, тарих, инглиз тили) фанларининг бўлиниб ўқитилиши ҳисобидан коллеж биносидан самарали фойдаланилиши кўзда тутилган.
Помўза МФЙ ҳудудида жойлашган қишлоқ аҳолиси фарзандларининг 52 нафари 21-мактабда (рус тилида), 176 нафари 60-мактабда, 4 нафари 22-мактабда, 160 нафари 5-мактабда, 195 нафари 61-мактабда таълим олиб келмоқда.
Аҳоли сонининг ошишини инобатга олиб, келгуси йилларда мазкур ҳудудда янги мактаб қуриш бўйича таклифлар киритилади.






