Қуролли Кучлар давлат музейида мамлакатимиз Қуролли Кучларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва фуқаролар «Маънавий-маърифий ишлар аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Президент Шавкат Мирзиеёвнинг 2018 йил 4 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг «Маънавий-маърифий ишлар аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги қарорлари бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим омил бўлди.
Кўкрак нишонини ўз эгаларига тантанали топшириш маросимида Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Акмал Ортиков, Мудофаа вазирининг матбуот котиби – ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси подполковник Баҳром Зулфиқоров тақдирланганларни самимий муборакбод этди. Ўз навбатида, тақдирланганлар ҳам Давлатимиз раҳбари томонидан Мудофаа вазирлиги олдига ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш борасида қўйилган масъулиятли вазифаларни чин дилдан, тўла-тўкис адо этишга баҳоли қудрат камарбаста бўлишини таъкидлади.

– Менинг отам Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова. – Бугунги кун болалари жанг-жадал кўрмасин, уруш бўлмасин. Ҳарбийлар бор экан, биз хотиржаммиз, юртимиз тинчлиги ишончли ҳимояда. Бугунги нишон ҳарбий қисм ва муассасалардаги суҳбатлар орқали ҳарбий хизматчилар билан бирга оила аъзоларининг ҳам маънавий-маърифий савиясини юксалтиришдаги масъулиятимизни оширади.
Мудофаа вазирининг буйруғига асосан, қуйидагилар«Маънавий-маърифий ишлар аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди:
Жасур ҲУСАНОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги республика ахборот таҳририяти бош муҳаррири.
Хайринисо МИРЗАЖОНОВА, Республика «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раиси ўринбосари.
Гавҳар ЗОКИРОВА, Ўзбекистон халқ артисти.
Феруза АКРАМОВА, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази лойиҳа раҳбари.
Лола РАКАЕВА, «Ўзбекистон-24» телеканали катта муҳаррири.
Умидулла САТТОРОВ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи.
Муҳаммадбобур ЙЎЛДОШЕВ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний қўмита бош мутахассиси.
Подполковник Нурбек ОТАҚЎЗИЕВ, Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи.


Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти






