1

2019 йилда мактабларни қўллаб-қувватлашга энг кўп маблағни Андижон вилояти ажратди

ЖАМИЯТ 01.02.2020, 18:41
2019 йилда мактабларни қўллаб-қувватлашга энг кўп маблағни Андижон вилояти ажратди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Андижон вилояти ҳокими Шухратбек Абдурахмановни “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирлади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

2020 йилнинг 1 февраль куни Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев Андижон шаҳрида Шухратбек Абдурахмановга кўкрак нишонини топширди.

2019 йилда Андижон вилояти бошқа маъмурий-ҳудудий тузилмалар орасида маҳаллий бюджетдан мактабларни қўллаб-қувватлашда энг кўп маблағ ажратган ҳудудга айланди.

Маълумот учун, 2019 йилда Андижон вилоятида инвестиция дастури доирасида 2 та мактаб қурилди, 5 та мактаб капитал таъмирланди ҳамда 19 та мактаб реконструкция қилинди. “Обод қишлоқ“ ва “Обод маҳалла“ дастурларига кўра 16 та мактаб реконструкция қилинди, 17 мактаб капитал таъмирланди. Вилоятдаги маҳаллий бюджет ҳисобидан 12 та мактаб қурилди, 28 та мактаб капитал таъмирланди.

2019 йил 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Мазкур учрашувда мамлакатимиз раҳбари мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарурлигини таъкидлади.

- Халқ таълими вазирлиги номидан Президентимиз томонидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун бор кучларини ва имкониятларини сафарбар этаётган вилоят ҳокимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Умид қиламанки, қолган вилоят раҳбарлари ҳам Андижон вилояти ҳокими Шухратбек Абдурахмановдан ўрнак олади ва таълим тизимини қўллаб-қувватлайди. Зеро, биз олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришимиз учун бизга билимли ва етук мутахассислар керак, - деб таъкидлади Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, ҳозирги кунда Андижон вилоятида фаолият юритиб келаётган 764 та ўрта умумий таълим мактабларда 555,44 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг дарсдан кейинги бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун 17 та “Баркамол авлод” марказлари хизмат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов ва 2019 йилнинг ноябрь ойида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1