Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрь куни мамлакат ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказилган учрашувида уларни маданият ва санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашдек 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди.
Айнан мазкур ташаббуснинг амалдаги ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 31 январь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида Сергели тумани прокуратураси, туман “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси “Афғон ветеран жангчи-фахрийлари” бирлашмаси туман бўлими, Ўзбекистон Республикаси “Афғон ветеран жангчи-фахрий ногиронлари” бирлашмаси туман бўлими, туман маданият бўлими, туман халқ таълими бўлими ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳамкорлигида туман прокурори ва ёшлар ўртасида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қизиқчи Аваз Охун, туман халқ таълими бўлимига қарашли 300-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари, туман маҳалла фаоллари ва фахрийлари иштирок этди.



Тадбирда сўзга чиққан нотиқлар томонидан жамиятда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш давр талаби эканлиги ҳамда Қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда жамоатчиликнинг ўрни муҳим эканлиги, ёшлар билан алоҳида ишлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.


Шу билан бир қаторда жорий йилнинг 24 январь куни давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаатномасида “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади” - деган ғоят муҳим иборалари алоҳида эътироф этилди.
Тадбир сўнгида ўқувчи-ёшларнинг турли қизиқарли чиқишлари ҳамда таниқли санъаткорлар томонидан янграган дил-тортар куй наволар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон Республикаси
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Академияси Матбуот хизмати.






