АсосийЖАМИЯТ

Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Бухорога ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожа...

'Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Бухорога ташриф буюрди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатномасидан келиб чиқиб, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш учун тизимда ислоҳотларни давом эттиришни таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Вазир бошчилигида соҳавий хизматлар ходимларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳларнинг асосий эътибори ҳудудий ички ишлар органларининг тезкор-хизмат фаолиятини ўрганиш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва бу борада бошқа мутасадди идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари билан хамкорлик натижалари билан танишиш ва амалий ёрдам кўрсатишга қаратилди.

Шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишда вилоятда амалга оширилган ишлар ўрганилиб, уларни изчиллик билан давом эттириш ҳам мутасаддиларнинг диққат марказида бўлди. Бухоро вилоятига ташриф доирасида Ички ишлар вазири Ғиждувон туманида ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва янги ташкил этилган ички ишлар бўлимларининг фаолияти билан танишди. 

Ходимлар билан суҳбат асносида улар томонидан хизмат ҳудудларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини барвақт таъминлаш борасида йўлга қўйилган фаолият натижалари билан ўртоқлашди. 

Қувонарлиси, ташриф доирасида Вазир билан суҳбатда бўлган, Ғиждувон тумани Чағдари маҳалласи оқсоқоли ҳудудий профилактика инспектори лейтенант У.Бўриев билан ҳамкорликда маҳалла ҳудудида йўлга қўйган тизимли ишлари натижасида 2019 йил давомида жиноят содир этилилиши йўл қўйилмаганлигини билдирганлиги инобатга олиниб, шу куннинг ўзида Вазир буйруғига асосан Ғиждувон тумани ИИО ФМБ 1-сон Ички ишлар бўлими профилактика инспектори лейтенант Умид Бўриевга муддатидан илгари рағбатлантириш тариқасида “катта лейтенант” махсус унвони топширилди.

Ички ишлар вазири шунингдек, ҳудудда амалга оширилаётган қурилиш бунёдкорлик жараёнлари билан танишди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун аввало аҳоли бандлигини таъминлаш борасида масъулларга тегишли топшириқлар берди. 

Таъкидлаш лозимки, жадал суръатларда ривожланиб бораётган юртимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. 

Ўз навбатида, муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтилганлиги, янги Ўзбекистоннинг ёшларига берилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Бу мамлакат тараққиётини таъминлаш баробарида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг эрта олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Ички ишлар вазири яқинда фойдаланишга топширилган Ромитан тумани ички ишлар бўлими биносидаги шароитлар, хизмат жараёнлари билан танишар экан масъул ходимларга хизмат самарадорлигини оширишда аввало ёшлар билан ишлаш йўналишига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. 

Ҳар иккала туманда ҳам учрашувлар самимий руҳда ташкиллаштирилди. 

Суҳбатлар чоғида вазир ёш ходимларига ўз иш тажрибаси, хизмат фаолияти давомида содир бўлган ҳолатлар бўйича гапириб, улардаги ватанга садокат ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлаш, халқ осойишталигини таъминлаш йўлида шарафли меҳнат қилиш лозимлигини, Бухоро улуғ алломалар, буюк сиймолар юрти эканлигини, уларга муносиб ворис бўлиш кераклигини уқтирди. Очик мулокот давомида ёшлар ҳам хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги ўз таклифларини билдирдилар. Тадбирда хизмат олиб бориш жараёнида юқори натижаларга эришган ҳамда ҳамкасблари орасида намунали хулқ атвори билан ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилиб, уларга фахрий ёрлиқ ва китоблар жамланмаси топширилди. Шунингдек, юқори кўрсаткичга эришган ходимларнинг ота-оналарига ташаккурнома тақдим қилинди. 

Ички ишлар Вазирининг Бухоро вилоятига ташрифи тўлиқ тафсилотлари ҳусусида батафсил маълумот берилади.

 

    Бошқа янгиликлар