АсосийJamiyat

“Аваринка” содир этилган қоидабузарликни оқламайди”: Интернетда видеоси тарқалган, машинани ғайриоддий бошқарган аёлга баённома расмийлаштирилди

'“Аваринка” содир этилган қоидабузарликни оқламайди”: Интернетда видеоси тарқалган,  машинани ғайриоддий бошқарган аёлга баённома расмийлаштирилди'ning rasmi

Тошкент шаҳар ИИББ сўнги пайтларда авариявий сигнални ноўрин қўлланилаётганлиги бўйича огоҳлантириш билан чиқди.

Келтирилишича, ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилгани ва шундан сўнг ҳайдовчи авария ишорасини (авариявий сигнални) қўллаб “узр” сўраганлиги, ёки шу усул билан қоидабузарлигини “оқлаганлиги” акс этган видеоёзувлар пайдо бўлмоқда. ЙҲҚни мунтазам равишда бузадиганлар учун ёруғлик мосламаларини мақсадсиз ишлатиш одат тусига кириб қолади. Баъзида ҳатто кулгули ҳолатлар юзага келади: ҳайдовчи автомобилини четроққа қолдираётиб, автоматик тарзда авария ишорасини ёқиб қўяди... 

Мазкур муаммо шунчалик кенг тарқалдики, ҳозирда кўпчилик “поворотник”ларнинг бир вақтда ёниб-ўчиши ўзи аслида нимани англатишини ҳам унутиб қўйишган. Масалан, ушбу чироқларни ЙТҲ юз берганда ёқиб қўйганликларини кўрасизми? Қоидабузарлар “аварийка” билан ўз ҳаракатларини оқламоқчи бўлганлари умуман ноўриндир – қонун бўйича ҳам (баённома барибир тузилади), инсонгарчилик жиҳатидан ҳам (атрофдагилар ҳаракатингизни ва шу орқали юзага келаётган хавфни оқламайдилар).  

Масалан, шу кунларда ижтимоий тармоқларда яна бир видеоёзув пайдо бўлди: унда қора рангли “Spark” русумли автомобиль ҳайдовчиси Муқимий кўчасидан ҳаракатланаётганда тартибга солинмаган пиёдалар йўлакчаси яқинида ҳали йўлни кесиб ўтишга улгурмаган пиёдани четлаб ўтмоқчи бўлиб ғайриоддий ҳаракат (манёвр) содир этган. Аниқланишича, ушбу ҳолат 29-январь куни соат 20.20 да юз берган. Автомобиль ҳайдовчиси – 46 ёшли Марифат Р. автомобилини ишончнома асосида бошқариб юрган. Қайд этамиз, ушбу ҳолатда ноўрин ёқилган “аварийкалар” қоидабузарни баённомадан асраб қола олмади: ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари маъмурий ҳуқуқбузарлик фактини қайд этишди. Йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари ҳам ушбу ҳолатни оқламадилар ва видеони тармоққа жойладилар.

“Ҳурматли ҳайдовчилар! Сизлардан йўл ҳаракати қоидаларини баъзида қайта ўқиб туришингизни ва ташқи ёруғлик мосламалари ишлатишни ўрганишингизни илтимос қиламиз. Акс ҳолда, эртами кечми ёниб-ўчадиган лампаларга кўникиб, ҳақиқатдан ҳам юзага келган авариявий ҳолатда қандай йўл тутиш кераклигини унутиб қўясиз”, — дейилади ИИББ хабарида.

    Бошқа янгиликлар