Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан ҳар куни шаҳар ҳудудида табиий газ ва электр энергиясидан қонуний фойдаланилаётганлиги юзасидан тезкор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бу ҳақида бизга МИБнинг матбуот хизмати раҳбари Фарруҳ Тошпўлатов хабар берди.
Сўнгги кунларда ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона шаҳар Бўстон кўчасида ташкил этилган нонвойхона фаолиятида ўрганилганида фуқаро Х.Ахмедов нонвойчилик фаолияти билан ноқонуний шуғулланаётганлиги ҳамда табиий газ тармоғига ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан уланиб олиб, ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.
Шу каби, Қашқар кўчасида Я.Ахмедов, Қодирий кўчасида Н.Тусматов ва Тадбиркорлар кўчасида М.Жўраевлар ҳам тонгги соат 04-00 ларда Мажбурий ижро бюроси ходимлари “ширин уйқуда” деб хомтама бўлиб қолишди. Бюро тезкор вакилларининг тонгдаги ташрифи уларни довдиратиб қўйди ва табиий газдан мутлақо ноқонуний фойдаланиб келаётганликлари фош бўлди.
Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли баённомалар расмийлаштирилди ҳамда ҳозирда етказилган зарарни аниқлаш ва айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилиши бўйича суриштирув олиб борилмоқда.






