АсосийJamiyat

Малайзия телеканали Ўзбекистонда фильм суратга олмоқда

'Малайзия телеканали Ўзбекистонда фильм суратга олмоқда'ning rasmi

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги туризм бренди элчиси Далер Юсуф ташаббуси билан мамлакатимизда Малайзиянинг “Zeel Production” киностудияси ҳамкорлигида сериал ва бадиий фильм суратга олиш лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Унга кўра, Малайзиянинг “RTM” телерадиокомпанияси ва “Cinema Malaysia” кинокомпанияси буюртмасига биноан, киностудия томонидан “Juliet” номли сериал ҳамда “Ҳамон ёнимда бўлсанг эди” (Seandainya kau ada) номли бадиий фильмларни Ўзбекистонда суратга олиш ишлари бошланди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва киностудия ўртасидаги келишувга кўра, мазкур фильмларнинг 26 эпизоди Ўзбекистонда суратга олинади.

Сериал ва бадиий фильмда машҳур малайзиялик санъаткорлар, хусусан, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги туризм элчиси Далер Юсуф суратга тушмоқда. Тасвирга олиш жараёнлари асосан Тошкент шаҳрида, шунингдек, “Амирсой” тоғ-чанғи курорти ҳамда Хива шаҳарларида ўтказилади.

Сериал ҳар бир сериясининг эфир вақти 1 соатдан бўлиб, “RTM” телеканалида ҳафтада 7 марта “прайм-тайм” вақтида намойиш этилади ҳамда уни 3 миллионга яқин оила томоша қилади. Бадиий фильмнинг давомийлиги 1 соату 15 дақиқа бўлиб, Малайзиянинг 60 дан ортиқ кинотеатрларида намойиш этилади.

Чел эл кинокомпаниялари томонидан Ўзбекистонда шу каби фильмларни суратга олиш учун яратилаётган имконият ва имтиёзларнинг фаол тарғиб қилиниши хорижий кинокомпанияларни юртимизга жалб этиш йўлида хизмат қилади. 

 

    Бошқа янгиликлар