ТИВ 11-12 февраль кунлари Қозоғистон Республикаси ҳудудида автобус бузилиб қолиши натижасида йўлда қолиб кетган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот берди.
Мамлакатимизнинг Aқтау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси 2020-йил 11-феврал куни Самара-Чимкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган ва йўловчлари орасида 20 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус Aқтобе вилояти ҳудудида бузилиб қолганини маълум қилди. Носозликка совуқ об-ҳавода автобус ёнилғисининг музлаб қолгани сабаб бўлган.
Шунингдек, мамлакатимизнинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонаси 12-февраль куни Қизил-Ўрда – Павлодар трассасида, Павлодар вилояти ҳудудида ичида 19 нафар йўловчи – Ўзбекистон фуқаролари бўлган микроавтобус носозлик туфайли тўхтаб қолгани тўғрисида ОAВда тарқалган маълумотни тасдиқлади.
Иккала вазиятда ҳам ҳеч ким жабрланмаган, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезилмаган. Қозоғистоннинг йўл полицияси ва фавқулодда вазиятлар бўйича органлари ходимларининг тезкор ёрдами билан транспорт воситалари таъмирланган ва йўналишини давом эттирган.
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти яна бир бор Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида қишги вақтда Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратади.
Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан транзит билан бошқа давлатга ўтаётган юртдошларимиз, зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10); Aқтау шаҳридаги Бош консулхонага (тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51); Олмаота шаҳридаги Бош консулхонага (тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз, дейилади ТИВ хабарида.






