АсосийJamiyat

Фарғонада уй талашган ака-ука ва бир-бирини урган амаки-жиянларга нисбатан суд ҳукми ўқилди

'Фарғонада уй талашган ака-ука ва бир-бирини урган амаки-жиянларга нисбатан суд ҳукми ўқилди'ning rasmi

Фарғона вилоятида ака-ука ҳамда амаки ва жиянлар ўртасидаги жанжаллар билан боғлиқ иккита маъмурий иш юзасидан суд ҳукми ўқилди, дея маълум қилди Сўх туман маъмурий судининг раиси Б.Юлдашев.

2019 йил 22 декабрь куни Фарғона шаҳар Бақай кўчасидаги А.Т. шу кўчада яшовчи амакиси Э.Т билан ўрталарида юзага келган ўзаро келишмовчилик натижасида гап талашиб жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида бир-бирларини қасддан уриб, енгил тан жароҳати етказишган. Амаки-жиянга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси 2-қисми билан юритилган маъмурий иш Сўх туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, уларнинг ҳар иккаласига ҳам қонун доирасида жарима жазоси тайинланди.

Яна бир ҳолат, Сўх тумани Истиқлол МФЙда содир бўлди. Шу ҳудудда яшовчи фуқаро А.А. 2019 йил 19 декабрь куни соат 15.00 ларда ўзининг туғишган акаси О.А. билан ораларида узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган уй-жой низоси оқибатида жанжаллашиб қолади. Ука акасини маҳалла-кўй, жамоатчилик олдида уятли сўзлар билан хақоратлаб, тўпалон кўтариб, майда безорилик ҳаракатларини содир этган. Натижада, ака ўз укасининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан судга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Сўх туман маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси билан кўриб чиқилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан А.А. га нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 

    Бошқа янгиликлар