АсосийJamiyat

«Судланган», деган тамғадан халос бўлиш мумкинми?

'«Судланган», деган тамғадан халос бўлиш мумкинми?'ning rasmi

Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг бир тури сифатида шахснинг айбдорлик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асос бўлади.Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 661-моддасида кўрсатилган элликдан ошиқ жиноят таркиби юзасидан 45 та моддада назарда тутилган жиноятлар содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин...

Халқимизнинг тарихий анъаналарига мос тушадиган ярашув институти ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жабрланувчи билан ярашган ҳамда етказилган зиённи қоплаган фуқаролар жиноий жазодан озод этиладиган бўлди. Жуда кўп фуқароларимиз жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши нечоғли инсонпарвар эканини ўз ҳаётларида англаб етдилар. Энг асосийси, судланувчи ярашув орқали «судланган», деган тамғадан халос бўлади. Шунингдек, дастлабки тергов ишларини олиб бориш ва ишни судда кўриб чиқиш учун сарфланадиган муддатлар анча қисқаради. 

Шу ўринда суд амалиётидан мисол келтирсак: Норин туманида яшовчи О.Абдулахатов 2019 йил 20 октябрь куни соат 13:30ларда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат тартибини бузиб, жамоат жойи ҳисобланган Норин тумани,Ўзбекистон МФЙ ҳудудида жойлашган “Нуроний боғи”да ҳаваскорлар шахмат ўйини ташкил қилган А.Ирисовни ҳеч бир сабабсиз юзига қўллари билан уриб, тан жароҳати етказиб, безорилик қилган. Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, у енгил тан жароҳати олган. Суд мажлисида жабрланувчи ва гумонланувчи ўзаро ярашганлиги ҳақидаги ариза билан мурожаат этиб, гумонланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ярашув ихтиёрий равишда бўлганлигини кўрсатиб ўтди. Суд жабрланувчининг ярашганлиги ҳақидаги аризасини қаноатлантириб, О.Абдулахатовга оид жиноят ишини тарафлар ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатди.

Судлар томонидан ярашув институтининг самарали қўлланилаётгани инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари устувор қадрият сифатида эъзозланаётганининг яққол тасдиғидир.

Жасурбек Қурбонов, Жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг раиси

    Бошқа янгиликлар