АсосийJamiyat

Боғчага қабул қилишнинг энг кичик ёши қайта кўриб чиқилиши мумкин

'Боғчага қабул қилишнинг энг кичик ёши қайта кўриб чиқилиши мумкин'ning rasmi

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сонли қарорига асосан 2018 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаролар болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилмоқда.

Ҳозирги вақтга қадар мазкур давлат хизматидан фойдаланиш бўйича фуқаролардан Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами 1,564 млн. дан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, шундан, 64 мингдан ортиқ ҳолатда фуқаролар ушбу давлат хизматидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали он-лайн тартибда фойдаланган.

Ушбу давлат хизматини кўрсатишда Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўрганишлар жараёнида, ваколатли орган—мактабгача таълим бўлимлари томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш жараёнида қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётган, жумладан 2019 йил ва 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида 4,6 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Мазкур қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш, шунингдек келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида, 20 та тақдимнома, 58 та огоҳнома киритилган ва 326 нафар масъул шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланилган ҳамда 4 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан давлат мактабгача таълим муассасаларида таълим жараёнини бошқариш, болаларни қабул қилиш ва навбатга қўйиш бўйича электрон тизим (OpenEmis дастури асосида) ишлаб чиқилган бўлиб, тизим тўлиқ Мактабгача таълим вазирлиги томонидан эксплуатация қилинмоқда.

Бироқ, шунга қарамасдан бу соҳадаги давлат хизматларини кўрсатишда OpenEmis дастури асосида ишлаб чиқилган электрон тизимдаги мантиқий ва техник муаммолар сабаб ўзгаришлар юзага келмоқда.

Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаларига навбатга қўйишда алоҳида тоифадаги шахсларнинг фарзандларига кенг имтиёзлар берилганлиги ҳамда қабул қилишнинг энг кичик ёши 3 ёш этиб белгилангани ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагиларга кўра, ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, хизмат кўрсатиш жараёнини сифатли ва шаффоф тарзда ташкил этилишини таъминлаш мақсадида, давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича барча аризаларни хатловдан ўтказиб, Мактабгача таълим вазирлигининг ахборот тизимларини “блокчейн” технологияларидан фойдаланган ҳолда такомиллаштириб, болаларни навбатга қўйиш ва йўлланма расмийлаштириш жараёнини инсон омилидан ҳоли равишда тўлиқ автоматлаштириш, давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишдаги имтиёзларни ва болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилишнинг энг кичик ёшини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига жойлаштиришда шаффофликни таъминлашга ва мазкур давлат хизматини кўрсатишнинг сифатини оширишга хизмат қилади.

Улуғбек МАҲМУДОВ, ДХА масъул ходими

    Бошқа янгиликлар