Бухорода ҳам йўл ҳаракати қоидасини бузган, ҳам жиноий ҳаракат содир этган шахс жавобгарликка тортилди, дея маълум қилди вилоят ИИБ Ахборот хизмати
2020 йил 06 февраль куни соат 16:30 да Бухоро вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати отряди 1-сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати катта инспектори катта сержант Қурбонов Васил Валиевич тасдиқланган дислокацияга асосан Бухоро шаҳрида жойлашган “Марказий деҳқон бозори” ҳудудидан ўтган М-37 автомобиль йўлида йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича хизмат олиб борган. катта сержант Қурбонов хизматни ўташ жараёнида, Бухоро шаҳри Афросиёб кўчасидан Қизилқум кўчаси томон ҳаракатланиб келаётган, Бухоро туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган фуқаро Неъматов Толиб Темирович бошқарувидаги “Нива” русумли, 80 535 ЕВA давлат рақам белгили автомашинани дастлаб пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган пиёдаларга йўл бермасдан ҳаракатни давом эттирганлиги, шунингдек, Афросиёб ва Қизилқум кўчалари кесишмасидаги чорраҳадан светофорнинг қизил чироғига амал қилмай бурилиб олганлиги сабабли жезл таёқчаси билан тўхтатган.
Ҳайдовчи Т.Неъматов автомашинани йўлнинг ўнг томон чеккасида тўхтатиб, автомашинадан тушиб қочишга ҳаракат қилган. Ҳайдовчининг спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда автомашинани бошқариб келаётганликда гумон қилган катта сержант В.Қурбонов унинг ортида борган вақтда, ҳайдовчи Т.Неъматов қўл мушти билан катта сержант В.Қурбоновнинг юз ва кўз соҳасига бир маротаба уриб тан жароҳати етказган ва ҳодиса жойидан яширинишга уринган. Бироқ, шу ерда хизмат олиб бораётган йўл патрул хизмати ходимлари томонидан Т.Неъматов воқеа жойида ушланган.
Катта сержант Васил Қурбонов тиббий кўрикдан ўтказилганда унда “Юзи ўнг қисми юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, ўнг кўз олмаси контузияси бош мия чайқалиши” билан кечувчи тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган.
Фуқаро Т.Неъматов наркологик текширувдан ўтказилганда “Алкоголдан мастлик ҳолати”да эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро Неъматов Толиб Темуровичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаганилган.
Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






