Бирлашган Миллатлар Тараққиёт Дастури (БМТТД) дунё бўйлаб фуқароларни иқлим ўзгариши масаласига эътиборини жалб этиш мақсадида “Mission 1.5” ахборот компаниясини эълон қилди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими таҳлилчиси Феруза НОМОЗОВА сайтимизга хабар қилди...
— Яқинда старт берилган мазкур компания орқали дунё бўйлаб 20 миллион киши иқлим ўзгариши тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдира олади.
Маълумот учун:
БМТТД ва унинг ҳамкорлари томонидан яратилган “Mission 1.5” кишиларни иқлим ўзгаришларига қарши курашишга ўргатувчи онлайн платформа бўлиб, фуқаролар билан ҳукумат вакиллари ва қонун ижодкорлари ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Ҳозирда глобал исиш кўрсаткичини 1,5 даражадан оширмаслик мақсад қилиб олинганлиги боис кампания “Mission 1.5” деб аталган.
Онлайн ва мобил видео-ўйин асосида қурилган мазкур компания барча мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистонни ҳам қамраб олган. Иқлим ўзгаришини тўхтатишга ёрдам берувчи ечимларни ўрганишнинг осон ва қизиқарли усулини тақдим етади. “Mission 1.5” мазкур глобал муаммога қарши курашиш йўлида фуқаролар ҳамда ҳукуматларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни мақсад қилган.
Мобил ўйинлар яратувчи дастурчи-мутахассислар, иқлимшунослик ва жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича экспертлар билан ҳамкорликда БМТТД томонидан ишлаб чиқилган “Mission 1.5” ўйини иштирокчиларга иқлим соҳасининг қонун ижодкорлари ролини ўйнаш ҳамда глобал исиш кўрсаткичи 1,5 градусдан оширмаслиги учун керакли чора-тадбирларни қабул қилиш имконини беради.
Ўйин охирида иштирокчилардан иқлим бўйича қабул қилиниши зарур бўлган асосий қарорларга овоз бериш сўралади. Мазкур маълумотлар таҳлил қилиниб, кўпинча ушбу соҳада жамоатчилик фикри бўйича ишончли манбаа яратиш имконияти чекланган ҳукуматларга тақдим этилади.
Хўш, БМТТД раҳбари Aхим Штайнер мазкур янги лойиҳа ҳақида қандай фикрда: “Ушбу компания ёрдамида биз хусусий ва давлат секторидаги шерикларимиз билан биргаликда иқлим инқирозини ҳал қилиш борасидаги инновацион икки томонлама мунозаралар орқали миллионлаб кишилар ва уларнинг ҳукуматлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда жорий йил охирида Глазгода ўтказиладиган COP26 иқлим ўзгаришига доир музокаралар олдидан мақсад-интилишларимизни мустаҳкамлаш имкониятига эгамиз”.
МАРКАЗИЙ ОСИЁ МИНТАҚАСИДА ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ ҚАЙ ДАРАЖАДА?
Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши мисли кўрилмаган даражада кескинлашиб, иқтисодий ўсиш ҳамда тараққиётнинг жадаллашувига хавф солмоқда. Сўнгги 30 йил ичида сув тошқини, қурғоқчилик ва музликларнинг эриши сингари иқлим билан боғлиқ табиий офатлар 50 минг кишининг ўлимига сабаб бўлди. Қарийб 25 миллион одамга зиён келтирди ва 80 миллиард AҚШ долларидан ортиқ миқдорда зарар етказди.
Бундан ташқари, минтақадаги энергия таъминотининг 88 фоизини қазилма ёқилғилар ташкил этади. Иқтисодий ўсиш давом этиб, деҳқончилик, транспорт ва энергия қувватига эҳтиёж ошиб борар экан, минтақа бўйлаб камайган углерод чиқиндилари миқдори яна кўпая бошлади.
2020 йил иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган COP26 БМТ анжумани олдидан барча мамлакатлар мазкур соҳа доирасида ўз мажбуриятларини қайта кўриб чиқадилар ва бу давр иқлим барқарорлигига эришишнинг навбатдаги босқичига янги қадам бўлиб хизмат қилади. “Mission 1.5” барча фикр-мулоҳазаларни бир жойга жамлаш воситасида фуқаролар ва ҳукумат раҳбарлари ўртасида иқлим ўзгаришини чеклашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар тўғрисидаги мулоқотни йўлга қўяди.
Исталган киши “Mission 1.5” ўйинини www.mission1point5.org сайтида ўйнаб иқлим ўзгаришига қарши курашда ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА






