Капитал қурилишда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича тасдиқланган Йўл харитасига мувофиқ Қурилиш вазирлигида “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими мавзусидаги маҳорат дарслари ташкил этилди. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати "Даракчи"га хабар берди.
Унда “Enterge” хорижий компанияси экспертлари ўзбекистонлик ҳамкасбларига ўз тажрибаларини ўртоқлашишди. Туркиялик мутахассислар “Пудрат ташкилотларининг рейтинг баҳоланиши”, “Қурилиш жараёнида электрон мониторинг тизимини қўллаш” ҳамда “Соҳада профессионал малака тизимини яратиш” мавзуларида тақдимотлар қилишди. Бу борадаги Туркия тажрибасидан мисоллар келтириб, мавзуга оид саволларга жавоб берилди.
–Мана икки йилдан буён Тошкентда фаолият олиб бориб, ўз хизматларимизни таклиф этган ҳолда кўплаб қурилиш лойиҳаларини амалга ошириб келмоқдамиз, – деди “Enterge” компанияси раҳбари Кемал Окумуш. –Туркияда компаниямиз тажрибаси қурилиш ишлари бошқарувида самарали амалиёт сифатида муносиб баҳоланади. Хозирда Ўзбекистон, кўплаб соҳаларда, айниқса қурилишда ҳам тараққиётнинг мутлақо янги босқичидан ўтмоқда. Айнан мана шундай муҳим бир жараёнда ва айниқса Ўзбекистон ҳамда Туркия давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстона ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда иштирок этаётганимиз бизга фахр ва ифтихор бағишлайди.
Ўйлайманки, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиеёвнинг Туркияга расмий ташрифи ҳар икки давлалар ўртасидаги иқтисодий, маданий ва сиёсий алоқаларни янада мустаҳкамлайди.
Маълумот ўрнида: жорий 2020 йилда Қурилиш вазирлиги соҳада шаффофликни таъминлаш мақсадида тизимни тўлиқ рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда ва бу борадаги фаолият йўналишлари аниқ белгилаб олинган:
1-Геоахборот тизими. Бу тизимга Ўзбекистон Республикасининг шаҳарсозлик генпланлари жойлаштирилади, у жорий йилнинг 1 мартида ишга туширилади. Эндиликда юртимизда иш бошламоқчи бўлган хорижий инвесторлар қаерда қандай қурилиш ишларини олиб боришларини мумкинлигини шу тизим орқали бемалол билиб олишлари мумкин бўлади.
2-Қурилиш назоратини тўлиқ рақамлаштирилади. Бу билан аввало назорат инспекторларига қулайлик яратилади. Натижада назорат яхшиланади. Ишнинг сифати ошиб, унга бўлган вақт сарфи ҳам анчагина камаяди. Шунингдек, жараён рақамлаштирилгандан сўнг вазирлик мутасаддиларининг инспекторлар фаолиятини тўлиқ назорат қилишига эришилади. Натижада коррупцияни олди олиниб, жараён шаффофлашади. Бу ўз навбатида тадбиркор пудратчилар фаолиятини ҳам осонлаштиради. Ортиқча сарсонгарчилик ва қоғозбозликка барҳам берилади.
Қурилиш экспертизасини рақамлаштириш деганда жараён тўлиқ электрон тизимга ўтиши назарда тутилган. Бунда лойиҳачи масофадан туриб, интернет орқали лойиҳасини экспертиза бошқарувига жўнатади. Мазкур тизимнинг қулайлиги, бу лойиҳачиларни қўлида қоғозлари билан сарсон бўлишини олдини олиши ва вақтини тежаган ҳолда ишини тез битиришига кўмаклашишидадир. Яна бир муҳим жиҳат бор, бунда лойиҳачи ва уни ишини кўриб чиққан инспектор бир-бирларини кўрмайди ва табиийки натижада коррупцияга йўл қўйилмайди.
Илғор давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда қурилиш ишларини тендерини ягона мукаммал порталини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам айтилди. 2020 йил июль ойига қадар ривожланган хорижий давлатлар мутахассис консультантлари билан мукаммал тендер порталини ишлаб чиқамиз. Натижада Давлат дастурлари ягона портал орқали рақамли шаклда бўлади, бу эса шаффофликни таъминлайди.
Эндиликда пудрат ташкилотларнинг рейтинги ишлаб чиқилиб, пудрат ташкилот ишчи мухандислари сифатини ўз ичига оладиган рейтинг тизими яратилади.