АсосийJamiyat

"Ўзбеккино" сценарийлар танловини эълон қилади

'"Ўзбеккино" сценарийлар танловини эълон қилади'ning rasmi

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг    2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3176-сон Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни  ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан 2020 йилда  30 та бадиий, 60 қисмдан иборат 30 та ҳужжатли, 30 та мультипликацион, 10 соатли қисқа метражли ва юмористик киножурнал ишлаб чиқаришни режалаштирган. Мазкур режа бўйича Агентлик иқтисодиёт, сиёсат, маданият, санъат, фан, таълим ҳамда ижтиомий ҳаётнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг реал эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда давлат ижтимоий гранти асосида миллий фильмлар ишлаб чиқариш учун устувор мавзулар рўйхатини эълон қилади.

Бадиий, бадиий-публицистик фильмлар ва киносериаллар учун устувор мавзулар:

I. ТАРИХИЙ МАВЗУДА

  1. Ислом оламида Қуръони каримдан кейин энг мўътабар манба ҳисобланган саҳиҳ ҳадислар тўпламини тузган буюк ватандошимиз, Имом Абу Исмоил Муҳаммад Бухорий (810 - 870)нинг илм йўлида чеккан машаққатлари, ёшларга ибрат бўладиган ҳаёт йўли ҳақида;
  2. Буюк саркарда ва фотиҳ жаҳонгир, Темурийлар давлатининг асосчиси Соҳибқирон Амир Темур (1336-1405)нинг ҳаёт йўли, халқни мўғул истибдодидан озод қилиш йўлидаги фидоийликлари, шахсияти ва қаҳрамонликлари ҳақида;
  3. Ҳиндистонда буюк салтанатга асос солган темурийзода шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483- 1530)нинг биографик асари ­– “Бобурнома” ҳамда ўзбек ва жаҳон ёзувчиларининг у ҳақда ёзган бадиий асарлари ҳамда бошқа тарихий манбалар асосида яратилиши мўлжалланган фильм;
  4. Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида келтирилган ҳикоятлар ҳамда шоирнинг ҳаётига оид биографик маълумотлар асосида бадиий фильм;
  5. Буюк соҳибқирон Амир Темурнинг набираси, астроном олим шоҳ, Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий фильм;
  6. Туркистондаги жадидчилик ҳаракати ва жадид маърифатпарварларининг фаолияти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва мушоҳадалари асносида ёритиб берилади(Фильм Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигига бағишланади);
  7. Қорақалпоқ халқ қаҳрамонлик эпоси “Қирққиз” достони асосида яратилади;
  8. ХХ аср ўзбек маданий ҳаётида чуқур из қолдирган ёзувчи ва шоир, академик Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг шахсияти, ҳаёт йўли ҳамда биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносировага бўлган пок муҳаббати ҳақида;
  9. Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтда ва фронт ортида қаҳрамонлик намуналарини намойиш этган юртимиз вакилларининг жасорати ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий фильм.

 

II. ЗАМОНАВИЙ МАВЗУДА

 

  1. Ўқитувчининг жамиятдаги ўрни, машаққатли меҳнати, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга қаратилган бадиий фильм;
  2. Халқаро мусобақаларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, юксак марраларга эришаётган спортчиларимизнинг матонати ва ибратга сазовор хислатлари ҳақида;
  3. Бир ўзбек олимининг ҳаёти мисолида олимларнинг машаққатли фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий фильм;
  4. Ҳуқуқ-тартибот ва адлия органлари ходимларининг кучли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат қуришда қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги фаолиятини ёритувчи фильм;
  5. Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг фаолияти ҳақида;
  6. Ўзбек оиласидаги ўзига хос қадриятлар, ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муаммолар, ёш оилаларда тез-тез учраб турадиган келишмовчиликларнинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида ҳикоя қилувчи фильм;
  7. Ўзбекистондаги турли миллат ва элатларнинг ўзаро тотувликда яшаётган вакилларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида;
  8. Ўзбек санъати ва маданиятининг ривожи ҳамда оламга танилиши учун ўз умрини бағишлаган маданият ва санъат ходимлари ҳақида;
  9. Қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб, аҳолининг фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фермер замондошларимиз ҳақида;
  10. Оилавий ҳаёт ва ажримлар ҳақида ҳикоя қилувчи фильм;
  11. Мамлакатимизнинг электр энергияси мустақиллигига эриши йўлида қурилаётган      ГЭСлар бунёдкорлари ҳақида;
  12. Болалар ва ўспиринларнинг жўшқин ва беғубор оламини ёритиб берувчи бадиий фильм;
  13. Эл хавфсизлиги йўлида фидойиларча хизмат қилаётган фавқулодда вазиятлар идоралари ходимлари ҳақида;
  14. Миллий кураш паҳлавонлари, кураш фалсафасининг моҳиятини очиб берувчи бадиий фильм;
  15. Ватанимиз ҳимоясида кеча-ю кундуз кўксини қалқон қилиб турган ҳарбийлар ва ҳарбий учувчиларнинг ҳаёти ҳақида;
  16. Республикамизни катта қурилиш майдонига айлантирган бунёдкор қурувчиларнинг ҳаёти ҳақида;
  17. Турли соҳаларда фаолият юритаётган мамлакат ёшларининг қизиқишлари ва муаммолари ҳақида;
  18. Юртимизда фаолият юритаётган ишбилармонлар ҳаракати ҳақида;
  19. Ўрмон хўжалиги соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган иноснлар ҳаёти ва уларнинг машаққатли фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий фильм;
  20. Саргузашт бадиий фильмлар;
  21. Комедия жанрида суратга олинадиган бадиий фильмлар;
  22. Имконияти чекланган инсонларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши ҳақидаги ҳикоялар ўрин олган бадиий фильмлар;
  23. Халқаро ҳамкорлик доирасида туризм салоҳиятини юксалтириш учун Индонезия ва Малайзия кино бозорига мўлжалланган ҳамда Қозоғистон, Польша, Туркия, Озарбайжон киноижодкорлари билан биргаликда бадиий фильм яратиш.

 

Ҳужжатли фильмлар учун устувор мавзулар

“Аҳмад ал-Фарғоний”

Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал- Фарғонийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида.

“Муҳаммад ал-Хоразмий”

Астроном ва географ олим Муҳаммад ал-Хоразмийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланади.

“Бухоро шаҳри - Ислом маданиятининг пойтахти”

2020 йил АЙСЕСКО томонидан Бухоро шаҳри - Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан.

“2020 йил Хива шаҳри туркий дунё маданияти пойтахти”

“2020 йил Хива шаҳри туркий дунё маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан ҳудуд тарихига оид ҳужжатли фильм яратиш. 

“МДҲ давлатлари”

МДҲ давлатлари ва уларнинг ўзаро дўстона муносабатлари борасида сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида.

“Тошкент- туризм шаҳри”

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан  2019 йил 14 мартда тасдиқланган “2019-2020 йилларда Тошкент шаҳрида туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши баёни”да белгиланган вазифалар ижроси бўйича.

“Лувр музейида Ўзбекистон кўргазмаси”

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил      7 мартдаги “2021 йилда Лувр музейида (Париж шаҳри) Ўзбекистон музей эскпонатлари кўргазмаси ўтказилишини ташкил этиш ҳамда хорижда Ўзбекистон музей фондларининг самарали намойиш қилинишига шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида яратилади.

“Қутқарувчи”

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил    10 апрелдаги “Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг кино соҳасига оид бандлари ижроси юзасидан бажарилади.

“Инсон ҳуқуқи”

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги деклорацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан.

“Мерос”

Юртимиздаги моддий маданий мерос объектлари ҳақида ҳикоя қилувчи.

“Қорақалпоқ сеҳрли ўлка”

Қорақалпоқ ҳудудида қадимий қалъалар, археология ва архитектура ёдгорликлари ҳақида.

“Шифокорликда топдим қадримни”

“Йилнинг энг яхши шифокори - 2019” кўрик танлови ғолиблари тўғрисида фильм.

“Ўзбекистон заминида давлатчилик, миллий қадриятлар”

Тарихий шахслар, миллий қадриятлар, анъаналар, Ўзбекистоннинг давлат сифатида ривожланишининг тарихий босқичларини акс эттирувчи ҳужжатли фильмлар яратиш.

“Немис меннонит”лари

Хоразм вилояти, Янгиариқ тумани “Оқ мачит” қишлоғидаги “Немис меннонит”лари яшаган ҳудуд ва унинг тарихи ҳақида фильм. 

“Фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган ҳиссаси”

Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруш даврида фронтда ва фронт ортида кечган оғир ва машаққатли ҳаёти, фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссасини акс эттириладиган илмий-тарихий фильм.

“Қашқадарё таомлари”

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 198-қарори ижросини таъминлаш мақсадида.

“Қўҳна Ховос”

Сирдарё вилоятида жойлашган “Кўҳна Ховос” ҳудудини туризм салоҳияти ҳақида.

“Камолиддин Беҳзод”

Миллий тасвирий санъатимизнинг асосчиси, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг 565 йиллигига бағишланади.

“Комил Ёрматов”

Ўзбек кинемотаграфиясининг таниқли ижодкори, режиссёр Комил Ёрматов ҳақида фильм.

“Йўлдош Аъзамов”

Машҳур режиссёр Йўлдош Аъзамов ҳаёти ва фаолияти ҳақида.

“Шуҳрат Аббосов”

Шуҳрат Аббосовнинг ҳаёти ва ижоди, унинг кино санъатига қўшган ҳиссаси ҳақида.

“Худойберган Девонов”

Ўзбек кинемотографиясининг асосчиси Худойберган Девонов ҳақида.

“Кигизга синган меҳнат”

Ўтов қуриш учун энг кўп фойдаланилган кигиз матосининг қандай яратилиши хусусида.

“Миллий дорбозлик санъати”

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги “Жайҳун дорбозлари” гуруҳи фаолияти ва 75 яшар отахон, Ўзбекистон цирк ва дорбозлар санъати республика фестиваллари лауреати, дорбоз ва цирк устаси Тўрабой Эшчоновнинг ҳаёт йўли, устоз-шогирд анъаналари ҳақида.

“Шағирлида “ГАУСС услуби”

Мўйноқ туманидаги овулларнинг бирида математикадан “Гаусс услуби”да масалалар ечишни ўргатувчи устоз ҳақида.

“Мутлоқ ёвузлик”

Гиёҳвандлик муаммолари ва уларни бартараф ээтиш хусусида.

“Илмга бағишланган умр”

Психология фанлари доктори, профессор Ботир Раҳмонқулович Қодировнинг юртимиз психология соҳасига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида.

“Ардоқли инсонлар”

Мазкур йўналишдаги фильмда 2020 йилда юбилейи нишонланадиган юртимизнинг машҳур шахси, ардоқли инсонлари ҳақида ҳикоя қилинади. 

“Саъдиёна ҳаёт”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоб, Фирдавсий номидаги халқаро мукофот совриндори Шоислом Шомуҳаммедовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланади.

“Иззат Султон”

Фильм Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, академик Иззат Султоннинг ўзбек адабиёти ва маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида.

Шонли тарих ҳақида туркум фильмлар

Ўзбекистон тарихида ўчмас из қолдирган машҳур сиймолар ҳақидаги ҳужжатли фильмлар туркуми.

 

“Ўзбеккино”Миллий агентлиги давлат ижтимоий гранти юзасидан миллий фильмлар ишлаб чиқариш учун устувор мавзулар рўйхати бўйича танлов эълон қилади!

 

Танловга тақдим этиладиган кинолойиҳаларнинг мавзуси “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг 2020 йил иш режаси  учун эълон қилган устувор мавзуларига мос келиши шарт.

(Изоҳ: мазкур мавзулар рўйхатига Агентлик Бадиий кенгаши қарорига биноан ўзгартиришлар киритиш мумкин. )

Мазкур танловда иштирок этишни хоҳловчи талабгорлар танлов комиссияси йиғилишида кинолойиҳани тақдимот шаклида ҳимоя қилишади. 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 

2019 йил 19 августдаги 695-сон қарори1-ИЛОВАси билан тасдиқланган “Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотлари учун танлов ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМ” ига кўра танловда қатнашиш учун иштирокчиларга қуйидаги малака талаблари қўйилади:

 

  1. Тўлиқ метражли бадиий фильмлар (бадиий-публицистик фильмлар ва киносериаллар) учун:

белгиланган  шакл бўйича танловда иштирок этиш учун ариза;

адабий сценарийнинг босма ва электрон вариантлари;

фильм аннотациясининг босма ҳамда электрон вариантлари;

белгиланган шакл бўйича фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган дастлабки маблағҳисоб-китоблари;

белгиланган шакл бўйича фильмни ишлаб чиқариш бўйича дастлабки календарь-саҳналаштириш режаси;

кинолойиҳанинг декорацияси ва либослари эскизлари;

кинолойиҳа бўйича тайёрланган тақдимот (электрон ахборот ташувчида).

Тақдимотда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

кинолойиҳанинг концептуал ғоясини тасвирий ифода этувчи постер;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг асосий персонажлари роллари учун тахминий мўлжалдаги актёрлар ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари;

кинолойиҳанинг тижорат самарадорлиги.

Кинолойиҳа ижодкорлари томонидан қўшимча маълумотлар (синопсис, фотоальбом, халқаро доирадаги таклифлар ва бошқалар) тақдим этилишига ижозат берилади.

 

  1. Ҳужжатли фильмлар учун:

белгиланган шакл бўйича танловда иштирок этиш учун ариза;

адабий сценарийнинг босма ва электрон вариантлари;

кинолойиҳа аннотациясининг босма ҳамда электрон вариантлари;

белгиланган шакл бўйича фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган дастлабки маблағҳисоб-китоблари;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг декорацияси ва либослари эскизлари (зарурат бўлганда);

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари;

кинолойиҳанинг тижорат самарадорлиги.

 

Шунингдек, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси доирасида қисқа метражли бадиий фильмлар бўйича 

“Ёш режиссёр” танловини эълон қилади!

 

3. Қисқа метражли бадиий фильмлар учун “Ёш режиссёр” танлови бўйича қўйиладиган талаблар:

белгиланган  шакл бўйича танловда иштирок этиш учун ариза;

адабий сценарийнинг босма ва электрон вариантлари;

кинолойиҳа аннотациясининг босма ҳамда электрон вариантлари;

белгиланган шакл бўйича фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағ бўйича ҳисоб-китоблар;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг асосий персонажлари роллари учун мўлжалдаги актёрлар ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг декорацияси ва либосларининг эскизлари (зарурат бўлганда);

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари;

кинолойиҳанинг тижорат самарадорлиги.

 

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, асосий фаолият тури кино ва аудиовизуал асарлар яратишга ихтисослашган юридик субъектлар танловда қатнашиш ҳуқуқига эга. Жисмоний шахсларнинг танловда қатнашишига йўл қўйилмайди ва уларнинг таклифлари кўриб чиқилмайди.

Танловда қатнашиш учун иштирокчиларга қуйидаги малака талаблари қўйилади: 

ишлар (хизматлар)ни бажариш учун зарур бўлган киноаппаратура ва мутахассисларнинг мавжудлиги;

ижодий гуруҳ таркибида камида бир нафар профессионал киноижодкорнинг мавжудлиги;

иштирокчининг кинолойиҳада ўз маблағлари ҳисобидан бажарадиган ишлари ҳажми (фоизда).

 

Ариза берувчилар фильм ишлаб чиқаришни зиммасига олган юридик шахслар фаолиятига оид қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

 

Охирги ҳисобот санаси учун бухгалтерия балансининг тасдиқланган нусхаси;

ҳисобот даври учун молиявий натижалар тўғрисидаги маълумотнома;

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома;

ҳомийлар ва инвесторлар (сармоядор) билан тузилган шартнома нусхаси ёки инвесторнинг кафолат хати (ариза берувчилар томонидан қисман молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича);

ариза берувчиларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат (вакил иштирок этган ҳолатларда).   

Ариза берувчилар танловда иштирок этиш учун тақдим қилинадиган материалларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ҳуқуқларга эга бўлишлари шарт.

Материаллар давлат тилида, ўзбек тили имло қоидаларига амалга қилган ҳолда тайёрланади.

Адабий сценарий А4 форматдаги, варақнинг бир тарафига ёзилган қоғозда тақдим қилинади. Матн ёзишда қоида тариқасида, Microsoft Word редакторидан ва қуйидаги параметрлардан фойдаланилади:

варақнинг чап хошияси 30 мм, ўнг хошияси 15 мм, юқори ва паст хошияси
20 мм;

Times New Roman шрифти ва сценарийнинг ҳажмидан келиб чиқиб
14, 15 ўлчамли шрифт, қаторлараро интервал 0 мм (одинарный).

Бир серияли тўлиқ метражли бадиий ва бадиий-публицистик фильм учун тақдим этиладиган сценарийнинг ҳажми 40 бетдан кам бўлмаслиги ҳамда 60 бетдан ошмаслиги шарт.

Катта тарихий мавзуларда ва бошқа махсус буюртма асосида суратга олиш мўлжалланган фильмлар учун белгиланган ҳажмдан 25 фоиз кўпроқ ҳажмга эга бўлган сценарийга рухсат берилади.

Тақдим қилинадиган адабий сценарий 2 (икки) нусхада, ҳар бир нусхаси тикилган, варақлари рақамланган бўлиши ва муаллифнинг имзоси ва ариза берувчининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши шарт. Электрон кўринишдаги адабий сценарий рақамли электрон ташувчи воситаларда тақдим қилиниши мумкин.

Ариза берувчилар томонидан материаллар “Ўзбеккино Миллий агентлиги Бадиий кенгашига” белгиси билан Агентликка юборилади.

 

Танловга юбориладиган бадиий, бадиий-публицистик, киносериаллар, қисқа метражли ва ҳужжатли фильм сценарийларида қуйидаги ғоялар ишонарли ва юқори бадиий савияда акс эттирилиши лозим:

- юртимизда мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, ижтимоий-маърифий жабҳаларда рўй бераётган улуғвор ўзгаришлар;

- миллатимизга хос эзгу фазилатлар, шунингдек, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган қадриятларимиз улуғворлиги;

- ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишлари, маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришлари, ватанпарварлик ва халқпарварлик тушунчаларини, умумбашарий ва миллий қадриятлар мазмун-моҳиятини теран англаб етиши учун хизмат қиладиган ибратли ҳаётий сабоқлар;

- азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оиланинг ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини эканлиги;

- ўзбек халқига хос бўлган кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш сингари эзгу қадриятлар, шунингдек нуроний отахон ва онахонларнинг  ибратли ҳаёти акс эттирилган бўлиши;

-  она Ватан ва халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган, адолат ва эзгуликни мардона ҳимоя қилаётган, ёвузлик ва хиёнатга муросасиз, эътиқоди мустаҳкам, қатъиятли ва ғурури баланд замондошлар образи ўз ифодасини топиши лозим.

Танлов бўйича ҳужжатлар фақат давлат тилида расмийлаштирилиб, 2020 йил           10 март куни соат 18-00 гача қабул қилинади.

Муваффақиятли тақдимот қилиниб, ижобий баҳо олган кинолойиҳалар Агентлик Бадиий кенгаши қарори билан фильм ишлаб чиқаришга туширилади.

Танловга тақдим этилган сценарий тақриз қилинмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.

Қўшимча маълумот учун телефонлар: 71-277-81-49, 71-277-82-09, 71-277-81-05.

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор кўчаси 1а. Инд.: 100115.

www.uzbekkino.uz

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги миллий кинематография ва мультипликацияни янада ривожлантириш учун миллий мультқаҳрамонлар образини яратиш бўйича танлов эълон қилади!

Танлов миллий қаҳрамонларимиз ҳамда болажонларнинг бугунги беғубор ҳаётини ифодалаб берувчи образлари асосида жаҳон андозаларига мос мультипликацион фильм яратиш мақсадида ўтказилади.

Танловда мулкчилик шаклидан қатъи назар анимацион фильм олиш тажрибасига эга бўлган юридик шахслар қатнашиши мумкин.

Танловда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

белгиланган шакл бўйича Танловда иштирок этиш учун  ариза;

адабий сценарийнинг босма варианти  ҳамда  электрон варианти;

Тақдим этилган лойиҳалар 3 дақиқали, 5 дақиқали, 10 дақиқали мультфильмга мос бўлиши ёки мультсериал кўринишида, камида 3 қисмдан (хар бир қисми 3 дақиқадан) иборат бўлиши;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

Миллий мультқаҳрамонлар қиёфаси акс этган эскизи (адабий сценарий ушбу эскизга мос келиши);

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари.

Тақдим этилган кинолойиҳалар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий кенгаши Низоми талаблари асосида кўриб чиқилади ва кенгаш йиғилишларида тақдимот тарзида ўтказилади.     

Ариза берувчилар танловда иштирок этиш учун тақдим қилинадиган материалларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ҳуқуқларга эга бўлишлари шарт.

Материаллар давлат тилида, ўзбек тили имло қоидаларига амал қилган ҳолда тайёрланади.

Тақдим қилинган сценарийнинг ҳар бир нусхаси тикилган, варақлари рақамланган бўлиши ва муаллифнинг имзоси ва ариза берувчининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши шарт. 

Ариза берувчилар томонидан материаллар “Ўзбеккино Миллий агентлиги Бадиий кенгашига” белгиси билан Агентликка юборилади.

Миллий мультқаҳрамон образини яратган ва у асосда сценарий ишлаб чиққан (мультфильм ишлаб чиқиш учун тайёр лойиҳа бўлиши керак) ғолиб учун 

50 миллион сўм пул мукофоти берилади. Бундан ташқари фильмни ишлаб чиқариш учун алоҳида маблағ ажратилади.

Танлов бўйича ҳужжатлар фақат давлат тилида расмийлаштирилиб, 2020 йил 10 март куни соат 18-00 гача қабул қилинади.

Танловга тақдим этилган сценарий тақриз қилинмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.

Қўшимча маълумот учун телефонлар: 71-277-81-49, 71-277-82-09, 71-277-81-05.

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор кўчаси 1а. Инд.: 100115. www.uzbekkino.uz
 

    Бошқа янгиликлар