АсосийJamiyat

27 млн. сўм алимент тўлаган шахс жавобгарликдан озод қилинди

'27 млн. сўм алимент тўлаган шахс жавобгарликдан озод қилинди'ning rasmi

Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди раиси Нозимжон ЖЎРАЕВнинг хабар беришича, Фуқаро ФИБ Ромитан туманлараро судининг 2009 йил 10 декабрдаги суд буйруғига асосан қарздордан ундирувчи фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун фарзандлари вояга етгунига қадар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. 

У 2015 йил августдан 2019 йил январга қадар алимент пулларини тўлашдан бўйин товлагани учун Бухоро туман маъмурий судининг 2019 йил 23 январдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаган бўлса-да, қарздор ўзига тегишли хулоса чиқармай вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келган.

Мажбурий ижро бюроси Бухоро туман бўлими давлат ижрочисининг 2019 йил 19 декабрдаги алимент қарзини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорига асосан қарздор алимент қарзи 2015 йил август ойидан
2019 йил декабрь ойига қадар жами 26.879.094 сўмни ташкил қилган. Маъмурий жазога тортилганидан сўнг ҳам 2 ойдан ортиқ муддат мобайнида вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги аниқланган.

Шу сабабли, қарздорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, иш судга юборилган.

Жиноят кодекси 122-моддасининг учинчи қисмида агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган.

Суд мажлиси жараёнида судланувчига юқоридаги қонун талаби тушунтирилиши натижасида, қарздор собиқ турмуш ўртоғига 27 млн. сўм алимент пулларини тўлиқ тўлаб берганлиги сабабли, жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг ажрими билан унга нисбатан ЖК 122-моддасининг  1-қисми билан юритилган жиноят иши алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик тўлиқ тўланганлиги муносабати билан тугатилди. Қарздор жавобгарликдан озод қилинди.

    Бошқа янгиликлар