Интернет ижтимоий тармоқларида, жумладан “Телеграм” мессенжеридаги каналлардан бирида тарқалган 178-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси ўқувчининг дафтарини йиртиб ташлаганлиги бўйича Чилонзор туман халқ таълими бўлими муносабат билдирди.
Хабарда келтирилганидек, ўқитувчи ўқувчининг дафтарини (кўчирмакашлик қилганлиги учун) йиртганлигини тан олиб, ота-онадан кечирим сўради. Лекин хабарда ёзилганидек, қоғоз парчаларини ўқувчининг юзига отмаганлигини маълум қилди, синф ўқувчилари буни тасдиқлашди. Ўз навбатида ота-она ҳам ўқитувчидан узр сўради.
Ўқитувчи дарс берадиган бошқа синф ўқувчиларининг мактабга келган бир гуруҳ ота-оналари билан суҳбатлашиб, уларнинг мазкур ўқитувчи ҳақида фикрлари олинди, фикрларнинг барчаси ижобий бўлди.
Таълим муассасаси раҳбари ва педагог-ходимларга Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 62-сонли қарорида белгиланганидек хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар, ўқувчилар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилишини, ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслигини таъминлаши зарурлиги тушунтирилди.
Худди шундай Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган, Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган “Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низом” асосида ота-оналар томонидан сайланган мактаб Кузатув кенгашининг мурожаатлар билан ишлаш ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича ўз функцияларини бажариши лозимлиги тушунтирилди.






