Халқ таълими вазирлиги ҳамда Франция элчихонаси ўртасидаги келишувга биноан 2020 йилда француз тили фани ўқитувчилари учун танлов асосида Францияда малака ошириш имкониятини берувчи грант дастурлари эълон қилинди.
Шунингдек, Республика таълим маркази мактабларда француз тили фанининг нуфузини ошириш бўйича Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. Икки томон ҳамкорлигида “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” доирасида қатор устувор вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, ўқув йили давомида республикамиздаги француз тилига ихтисослаштирилган мактабларнинг француз тили фани ўқитувчилари мақсадли ўқув-семинарларига жалб этилади. Шу билан бирга, ўқув йили якунида француз тили фани ўқитувчилари учун Самарқанд шаҳрида “Ёзги таътил” семинар-тренингларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Айни пайтда Республика таълим марказига элчихона томонидан тақдим этилган Францияда чоп этилган дарслик ва қўлланмаларнинг услуби, дизайни ҳамда ёндашувлари ўрганилиб, янги авлод дарсликларини яратишда фойдаланилмоқда.
Жорий йилдан илк маротаба франциялик экспертларни француз тилини ўқитиш бўйича янги ўқув материалларини ишлаб чиқаришга жалб этиш амалиёти йўлга қўйилади.