21 февраль куни ижтимоий тармоқларда “Дамасчиларда янги модами бу лед қўйиб мигалка қилиш? Қаторасига 2 тасида шунақа фақат ёниб турса индамаган эдик, энди буниси ошиб тушди. Роса кўзни олар экан” сарлавҳали видеотасвир эълон қилинган эди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизматининг маълумотига кўра, Яккабоғ тумани Жайчи маҳалласида яшовчи 29 ёшли Фазлиддинов Бобур 23 февралда ИИБ ЙПХ инспектори катта сержант Ғ.Эгамназаров томонидан "Дамас" автомашинасини хавфсизлик камарини тақмасдан келаётганлиги сабаб тўхтатилади. Текширилганда автомашина олд ўриндиғида 12 ёшга тўлмаган ёш болани қаровсиз ҳолда миндириб олгани ҳамда автомашина олд чироқларига ишлаб чиқарувчи корхона назарда тутмаган ёритувчи қурилмаларни ўрнатиб фойдаланиб келганлиги ҳолати аниқланган. Шу сабабли, МЖтКнинг 125-моддаси 1-қисми, 128-моддаси ва 127-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Яккабоғ тумани “Оқтош” МФЙ Қалдирғоч кўчасида яшовчи 48 ёшли Аҳмедов Юлдошга нисбатан ҳам 23 февралда катта сержант Ғ.Эгамназаров томонидан ўз автомашинасини камар тақмасдан бошқарганлиги учун тўхтатилади. Текширилганда автомашина олд чироқларига ишлаб чиқарувчи корхона назарда тутмаган ёритувчи қурилмаларни ўрнатиб фойдаланиб келганлиги ҳам аниқланади.
Шу сабабли, МЖтКнинг 125-моддаси 1-қисми ва 127-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.






