АсосийJamiyat

Урганчда ҳарбийлар 95 ёшли уруш қатнашчиси ҳолидан хабар олишди

'Урганчда ҳарбийлар 95 ёшли уруш қатнашчиси ҳолидан хабар олишди'ning rasmi

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳам мана 75 йил тўлади. Бир чорак кам асрга тенг вақт ўтган бўлса-да, бу қонли қирғинликни, унда жасорат ва матонат кўрсатган фидойи юртдошларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмайди. 

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда Урганч ҳарбий прокуратураси ходимлари Гурлан тумани Жалоир маҳалласида истиқомат қилувчи 95 ёшли Нуруммат ота Матякубовнинг хонадонида бўлишиб, унинг ҳолидан хабар олишди.

1943 йилнинг март ойида урушга отланган Нуруммат ота ҳали олдида турган синовларни тасаввур ҳам этмаганди. Отахон бир неча кунда Челябинскдаги полкда хизмат қилишни бошлаб, қисқа вақт ичида дастлабки ҳарбий тайёргарликдан назарий ва амалий кўникмаларини оширди. Фронтда Украина ерларида фашизмга қарши курашларда жонбозлик кўрсатган отахон душманнинг қақшаткич зарбаларини қайтаришда бир неча бор мардлик намунасини кўрсатди. 1944 йилда ана шундай аёвсиз босқинларнинг бирида қаҳрамонимиз бошига ўқ тегиб, уни яралайди. Тўрт ой давомида ҳарбий госпиталда даволангандан кейин Нуруммат ота ва бошқа соғайган йигитларни яна фронтга юборишди. Шундан кейин отахон Руминия остоналарида жанг қилиб, шаҳар ва қишлоқларни қолиб кетган фашист аскарларидан тозалаш махсус операцияларида қатнашди.

Ҳарбийларнинг ташрифидан руҳланган отахон бир мунча букчайган қад-қоматини кўтариб, уруш йилларидаги воқеалар, у ерда ватандошларимиз кўрсатган жасоратлари ҳақида сўзлай бошлади.  Бир асрга юзлашган нуроний суҳбати якунида бугунги тинчлик ва осойишталикка шукрона келтириб, юртни асраб авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлиб қолиши кераклигини уқтириб ўтди.

Урганч гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчини ўтаётган бир гуруҳ ташаббускор аскарлар Ватанимиз тинчлиги, бугунги осойишталигимизга ҳисса қўшган уруш қатнашчисининг дуоларини олиб, ҳовлисини ободонлаштиришга ҳисса қўшишди. Энди отахон ҳовлисида бир неча туп экилган мевали дарахтлар ҳарбийлардан ўзгача туҳфа сифатида эсда қолади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар