Халқ банки ижтимоий тармоқларда банк тизимидаги ахборот алмашиш серверларида бир қатор камчиликлар кузатилаётгани ҳақида постлар ёзилмоқда. Халқ банки бу бўйича қуйидагича баёнот беради:
Айни пайтда сервердаги узилишлар, носозликлар барча банкларда вақти-вақти билан кузатиляпти. Бу фақат Халқ банкининг муаммоси эмас. Шу билан бирга, нафақат Халқ банкида, балки барча банкларда бундан 20 йиллар чамаси аввал ишга туширилган дастурлардан ҳали ҳам фойдаланилмоқда. Ушбу ахборот алмашиш тизимлари бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган.
Шу боис айни пайтда Халқ банкида трансформация жараёнлари амалга оширилмоқда. Яъни рақамли банк тизимига ўтиляпти. Бу орқали аҳолига хизмат кўрсатишда инсон омили камайтирилади. Ушбу янгиланишларни рўёбга чиқариш учун IT соҳасидаги нуфузли халқаро компаниялар билан ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бу жараёнда табиийки, сервер қурилмалари ҳам замонавийсига босқичма-босқич алмаштирилмоқда. Рақамли банк тизими Халқ банкида шу йилнинг тўртинчи чорагида якунланади. Бу бўйича махсус йўл харитаси ишлаб чиқилган.
Вақти-вақти билан кузатилаётган носозликлар туфайли юзага келган ноқулайликлар учун банк раҳбарияти мижозлардан узр сўрайди.






