1

ИИВ Малака ошириш институтида тингловчиларга сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 02.03.2020, 16:29
ИИВ Малака ошириш институтида тингловчиларга сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида тингловчиларга сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Институт бошлиғининг ўринбосари, подполковник Зафар Жуманов очиб, Давлатимиз Раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга, жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янгича тизимини яратишга, ички ишлар органларини эл-юртимизнинг ишончи ва меҳрини қозонган, том маънода халқпарвар тизимга айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. 

Яъни, содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларни барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш талаб этиляпти. Бунинг учун энг аввало, халқимиз орасига кириб улар билан самарали мулоқот ўрнатишимиз, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш йўлларини топиш керак.

Барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходим, аввало ўз устида ишлаши, доимий равишда билим ва кўникмаларини ошириб бориши, ўзи янги ғоялар устида ўйлаши керак, янгича фикрлаши лозим.

Ушбу соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар мазкур хизмат фаолияти самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳуқуқий билим даражаси ва касбий тайёргарлигини оширишга қаратилган икки ҳафталик ўқув курсларида туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимлари, жиноят қидирув бўлимлари тезкор вакилларига Давлатимиз Раҳбари томонидан соҳа фаолиятига оид белгилаб берилган долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳамда идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассислари томонидан “Одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятларга қарши курашиш” мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилди. Бу, шубҳасиз, уларнинг иш самарадорлигини, зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда шахсий жавобгарлигини оширишга ёрдам беради.

– Ўқув жараёнлари замонавий инновацион педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар олиб борилди, – дейди Навоий шаҳар Ички ишлар бўлими жиноят-қидирув гуруҳи тезкор вакили, катта лейтенант Шуҳрат Абдурасулов. – Соҳага оид норматив-ҳуқуқий хужжатлар, янгиликлар ва хориж тажрибалари билан танишяпмиз. Бизнинг олдимиздаги асосий вазифа назарий ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаб, олган билимларимизни фаолиятимизда тадбиқ этишдан иборат.

Тингловчилар машғулотлардан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов музейи ҳамда 
Ички ишлар вазир вазирлигининг музейига ташриф буюрдилар.  Шу билан бирга, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театридаги “Кармен” операси ва Муқимий номидаги мусиқали-драма театридаги “Отабек ва Кумушбиби” спектакли тингловчиларда катта таассурот қолдирди.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1