Вобкентда вафот этган фуқароларнинг номига суюлтирилган газни расмийлаштириш ҳолати аниқланди, дея хабар қилди "darakchi.uz"га Бош прокуратура Матбуот хизмати.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Вобкент туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Вобкенттумангаз” филиали мансабдор шахслари 2019 йил давомида шартномага асосан, фуқаролар томонидан фойдаланилган суюлтирилган газ баллонлари учун тўланган 153,9 млн сўм ижара тўловларини банк муассасасига топширмасдан талон-торож қилинганликлари аниқланган.
Шунингдек, бир неча фуқаролар ҳамда 16 та ҳолатда вафот этган фуқаролар номига сохта шартномалар расмийлаштиришиб, 33,8 млн сўмлик суюлтирилган газни ўзлаштирганликлари маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Вобкенттумангаз” филиали мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Пискент туманида Пенсия жамғармаси ходими ва Халқ банки кассири вафот этганлар номидан пенсия пулларини олиб юргани фош бўлган эди.






