Президентимиз 28 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида Яшнобод туманида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказига ташрифи доирасида Ягона миграцион марказ фаолият бошлади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Марказни ташкил этишдан асосий мақсад Россия Федерациясига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон фуқароларини жўнаш олдидан тайёрлаш, мослашув ва психологик тайёрлаш хизматларини кўрсатишдан иборат.
Бу ерда миграцион картани тўлдириш тартиби, суғурта полисларини расмийлаштириш каби имкониятлар яратилган.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Россия Халқлар дўстлиги университети келишувига мувофиқ, Россияга ишлаш учун кетаётган фуқароларга рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигини ўргатиш ва патент олиш учун талаб этиладиган тегишли сертификатни Ўзбекистонда бериш каби хизматлар кўрсатилади.






