2020-йил 5-март куни Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Виталий Фен Корея Республикасида вақтинча ёки доимий равишда истиқомат қилиб келаётган барча юртдошларимизга мурожаат қилди.
“Ҳозирги кунда Жанубий Кореяда муаммо туғдираётган коронавирус туфайли фуқароларимиз хавотирга тушганидан хабарим бор, – дейилади Элчихонанинг барча интернет-ресурсларида жойлаштирилган мурожаатида. – Корея Республикаси Ҳукумати коронавирус билан курашиш учун замонавий тиббиёт технологиялари ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда вирус билан касалланган беморларни қисқа муддат ичида аниқлаш ва уларни даволаш бўйича барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Ҳозирда беморлар сони кўпайиб бораётган бўлса ҳам, аммо яқин келажакда Корея Республикаси Ҳукумати ва тиббиёт соҳаси мутахассислари вирус тарқалишининг камайишига ва унинг хавфини кескин сусайишга ишонч билдирмоқдалар.
Бундай вазиятда Ўзбекистон фуқароларини ташвишга тушмасдан хотиржамликни сақлашга чақираман. Шу билан бирга, одамлар гавжум йиғиладиган тадбир ёки жойларга бормасликни, ушбу вирусга қарши курашиш учун тавсия этилган эҳтиёт чораларини қатъиян бажаришингизни сўрайман.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги иқтисодий ва дўстона ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам жадал ривожланмоқда. Яқин ҳамкорлигимиз натижасида фуқароларимизнинг Жанубий Кореяда қулай шарт-шароитларда таълим олишлари ва ишлашлари таъминланмоқда.
Корея Республикасида инсон ҳаётига таҳдид солаётган коронавируснинг хавфи сақланиб қолаётган бир пайтда, мен, сиз фуқароларимиздан, саросимага тушмасликка ҳамда юқорида қайд этилган барча тавсияларга қатъиян амал қилишларингизни яна бир бор сўраб қоламан.
Муҳтарам юртдошлар,
Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Элчихонаси коронавирус сабабли пайдо бўлаётган муаммоларни тезкорликда бартараф этиш учун 24 соатлик иш тартибига ўтказилган. Шу боис, исталган вақтда биз билан алоқага чиқишингиз мумкинлигини билдираман”, дейилади расмий мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президенти топшириғига кўра тузилган ҳукумат қарорига асосан 2020 йилнинг 8 март куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси HY3553/3554 рақами билан Сеулга чартер рейс уюштиради.






