Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан “АВТОМАЛИКА” кўрик танловини ўтказишни режалаштирган. Кўрик танловда иштирок этадиганлар ёши ва сони чегараланмаган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати маълум қилди.
Кўрик танлов уч босқичда ўтказилади. Ғолибларни муносиб совғалар кутмоқда. Байрамни кўнгилдагидек ўтказай десангиз, ҳайдовчилик маҳоратингизни яна бир карра синовдан ўтказишни хоҳласангиз “АВТОМАЛИКА” кўрик танловига марҳамат қилинг.
Кўрик танлов шартига кўра, биринчи навбатда назарий имтиҳон, тест олинади. Иккинчи босқичда шартли гараждан чиқиб, илон изи шаклидаги фишкалар орасидан ҳаракатланилади ва тор ҳудудда орқага қайрилиб олиб, шартли гараж томон юрилади. Охирги босқичда автомобиль гаражга орқа томони билан олиб кирилади. Баҳолашда назарий тест синови учун 20 балл, иккинчи шартлар учун 60 балл берилади. Ҳар бир хато учун тестда 2 балдан олиб ташланади. Амалийда эса шартига қараб 2 балдан 5 балгача чиқариб ташланади. Охирида якуний тўпланган балл ҳисобланади. Энг кўп балл тўплаган ҳайдовчига Олий ўрин ва ундан кейингилар 1,2,3 ўринларни эгаллашади. Ҳакамлар ҳайъати 3 кишидан иборат. Автомактаб ўқитувчиси, ДЙҲХХ ходими ва Ёшлар иттифоқи вакили бўлади. Кўрик танлов вақтида кофе брек ташкил этилади. Санъаткорлар чиқишлари ҳам бўлиб ўтади. Кўрик танлов жойи байрамона безатилмоқда. Совғалар аёллар боп ва рўзғор учун керак бўладиган буюмлардан иборат.
Кўрик танлов 6 март куни эрталаб соат 9:00 да бошланади.
Манзил: Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув-6, Гёте кўчаси 52-уй.






