Ўзбекистон инклюзив интернет индекси бўйича 69-ўриндан жой олди. Мамлакат асосий кўрсаткичлар бўйича Осиёнинг барча давлатларидан ортда қолмоқда.
Буюк Британиянинг The Economist Intelligence Unit тадқиқот компанияси томонидан тузилган инклюзив интернет индексида (The Inclusive Internet Index) Ўзбекистон 69-ўринни эгаллади. Умуман рейтинг дунё аҳолисининг 91 фоизини ва глобал ялпи ички маҳсулотнинг 96 фоизини ташкил этадиган 100 мамлакатни қамраб олган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистоннинг Интернет тармоғини қамраб олиш бўйича кўрсаткичлари барча асосий соҳаларда бошқа Осиё давлатларидан орқада қолмоқда. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, камчиликлар ичида мобил қурилмаларга кирувчи барча мамлакат фуқаролари ичида гендер номутаносиблик кўрсаткичи тўртинчи даражада (энг паст кўрсаткич) қолмоқда: мамлакатда мобил қурилмалардан фойдаланиш учун эркаклар аёллардан кўра 21% кўпроқ имкониятга эга.
Ўзбекистон Интернетдан фойдаланиш даражаси бўйича дунёда 66-ўринда, фойдаланиш имконияти бўйича 76-ўринда ва аҳамиятлилиги бўйича 63-ўринда қайд қилинган. Мамлакатнинг бу борадаги тайёргарлик даражаси бўйича эса 84-ўринда жойлашган.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари орасида индексга фақат Қозоғистон киритилган — мамлакат 49-ўриндан жой олган.
Рўйхатда биринчи ўринда Швеция бормоқда. Ундан кейинги ўринларда Янги Зеландия ва АҚШ қайд қилинган. Рейтингнинг сўнгги уч ўрнини Мадагаскар, Либерия ва Бурунди каби Африка қитъаси мамлакатлари банд этишган.
“Бу йилги индекс ва сўров натижалари шуни кўрсатадики, бутун дунё бўйлаб Интернетга кириш ўсиб бораётган бир пайтда, айниқса ривожланишга муҳтож бўлган, кам даромадли мамлакатларда ўсиш сурати секинлашмоқда”, — дейилган индекс тузувчилар баёнотида.
Маълумот учун, EIU Facebook буюртмасига асосан 2017 йилдан бери ҳар йили инклюзив интернет индексини тақдим этади. Унда мутахассислар нафақат интернетнинг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш имкониятларини, балки ижобий ижтимоий ва иқтисодий натижаларга эришишда интернетдан фойдаланишнинг аҳамиятини ҳам баҳолайдилар. Умумий балл тўрт тоифадаги балларнинг умумий йиғиндиси асосида шаклланади: мавжудлиги, фойдаланиш имконияти, аҳамияти ва одамларнинг ундан фойдаланишга тайёрлиги (кўникмалар, саводхонлик ва бошқалар).