Бугун — 18 май куни, Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг бирламчи оммавий жойлаштирилиши (IPO) жараёнига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтади. Мазкур воқеа мамлакатимиз капитал бозорини халқаро молия майдонига олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистон иқтисодиёти тарихида янги саҳифа очади.
Расмий маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси Обид Ҳакимов ва бошқа масъуллар иштирок этиши кутилмоқда.
Жамғарманинг Лондон биржасига чиқиши юртимиздаги кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини кенгайтириш ҳамда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Бу жараён, айни пайтда, хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган таркибий янгиланишларга бўлган юқори ишончини намоён этади ва халқаро инвесторларга мамлакатимиз иқтисодиёти ҳамда маҳаллий компаниялар салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини яратади.
Кутилаётган IPO Ўзбекистоннинг жаҳон молия бозорларидаги иштирокини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, корпоратив бошқарувнинг замонавий стандартлари ва шаффоф тизимни жорий этишга кучли туртки беради.
Тадбир якунлари юзасидан қўшимча маълумот берилади.






