"АЙБИМГА ИҚРОРМАН"
Ёдингизда бўлса, 2019 йил “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилиб, Президентимизнинг топшириғига биноан 156 нафар ватандошимиз – шундан 48 нафар аёл, 107 нафар болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилганди. Улар орасида диний экстремистик ва фундаменталистик тақиқланган ташкилотларда иштирок этган 8 нафар фарзанднинг онаси — 36 ёшли аёл ҳам бор...
У 2010 йил Озарбайжон Республикаси ҳудудига бориб, у ердан “Озарбайжон-ТуркияЭрон-Афғонистон” йўналишида Покистон Ислом Республикаси ҳудудига ўтади. “Туркистон Ислом Ҳаракати” террорчилик ташкилоти сафига қўшилган 4 нафар аёл, 7 нафар эркак ва бошқалар билан тил бириктириб, фаолият олиб борган.
"ФАРЗАНДЛАРИМ САБАБ ТАКЛИФГА РОЗИ БЎЛГАНМАН..."
Судда судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди...
— 2005 йил январда онамни кўриш учун Россиянинг Уфа шаҳрига бордим. Онам 2005 йил Тожикистон фуқароси бўлган 36 ёшли эркакка шаръий никоҳлаб берди. Эрим намоз ўқишни ўргатди. Рўмол ўрашим кераклигини айтиб, Ислом динига даъват қилди.
2006 йилда Тошкентга келдим. Эрим эса Россиядан Тожикистонга бориб, айланма йўллар орқали Ўзбекистонга келган. Сўнг бирга айланма йўллар орқали Хўжанддан ота-онаси яшайдиган қишлоққа бордик. Май ойида қизим туғилди. Эрим июнда Россиянинг Оренбург шаҳрига жўнади, кейинчалик ёнига чақирди. Уфада ижарада яшаганмиз. 2007 йил сентябрда ўғлим туғилди.
2009 йил июнда яна ўғилли бўлдик. Икки ўғлимга Россия фуқароси сифатида туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириб олдик. 2010 йилнинг ёзида эрим Бокуга жўнаб кетди. Эримнинг гапи билан Ўзбекистонга бориб ҳужжатларни расмийлаштириб, Бокуга бордим. Аэропортда бизни эрим кутиб олди ва ҳаммамиз Истанбулга учдик. Кейин Эрон консуллигидан рухсат олиб, Трабзон шаҳридан Теҳронга учдик. У ердан эса Зохидон шаҳрига бордик. Бизни паранжи ёпган эркак кутиб олди. Унинг уйида асли тошкентлик бўлган хотини ва 31 ёшли йигит бор эди. У йигит “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”нинг аъзоси, Эронда муҳожирларни кутиб олишга масъул шахс бўлган. Эрим у йигит билан алоҳида суҳбатлашгач, менга “Покистоннинг Вазиристон минтақасига кетамиз, у ерда аёллар бор”, деди. “Туркияга ишлаш учун олиб келгандингиз, аммо Туркиядан Эронга, Эрондан эса Покистонга кетамиз, деяпсиз. Бормайман!” дея қаршилик қилдим. Эрим эса “Болаларни ташлаб, ўзинг қайтиб кетавер” деди. Сўнг “Ҳижрат”га даъват қилиб, “бошқа иложинг йўқ. Болаларни ташлаб мен билан юрасан ёки уларсиз уйингга қайтасан”, деди. Фарзандларимни ташлаб кета олмаганим учун таклифига рози бўлдим...
2013 йилда эгизак қизли бўлган аёлнинг уйига портловчи бомбалар ташланганида бир фарзанди нобуд бўлади. Ўзи ва фарзандларининг паспорти олиб қўйилган аёл ўз кўрсатмасида шаръий эрининг талаби билан террор ҳаракатлари ўчоғининг у-бу нуқталарида кўчиб яшаб юрган. Бу орада улар яна икки нафар қиз фарзандли бўлишган.
— 2015 йилнинг февралида эрим ўша жангари майдонларда ҳалок бўлди. 4 ой 10 кун вақт “идда” сақлаб, сентябрда асли Наманганнинг Мингбулоғидан бўлган 46 ёшли эркак билан шаръий никоҳдан ўтиб яшадик.
2017 йил июнда қизим туғилди. Сентябрда Бойгизидан Хўжа номусо қишлоғига кўчдик. 2019 йил апрелига қадар ўша жойда яшадик. Эрим мажбурлагани сабабли фарзандларимдан айрилиб қолмаслик учун Афғонистон ва Покистон давлатларига бориб, “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” ташкилоти аъзолари билан бирга қуролсиз ҳаракатланишга мажбур бўлдим...
Айбимга иқрорман, қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.
Судланувчи суддан фарзандларининг ягона боқувчи экани, шу боис озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаб, қонуний енгиллик беришни сўраган.
Бобораҳим АЧИЛОВ, жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси:
— ЖК 2442-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга шу модда билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист