Сешанба куни коронавирус туфайли дунё миқёсида ўлганлар сони 4, 000 кишидан ошди, дея хабар бермоқда таржумон.уз.
Аниқ ҳисоб-китобларга кўра,эпидемия қурбонлари 4,011 кишига етди. Вирус дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатига тарқалди ва глобал миқёсда касалланганлар сони 110,000 тадан ошиб ошиб кетган. Эпидемия сабабли дунё бўйлаб авиарейслар бекор қилинди, конференциялардан тортиб спорт мусобақаларига қадар кўплаб тадбирлар бекор қилинишига тўғри келмоқда.
Хитойда айни пайтгача 80,750 дан ортиқ одамда коронавирус аниқланган. Аммо Хитойда сўнгги ҳафталарда янги касалланганлар тобора камайиб бормоқда. Бу мамлакатнинг карантин бўйича мисли кўрилмаган чоралари иш бераётганидан дарак беради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти душанба куни Хитойда коронавирус билан касалланганларнинг 70 фоиздан ортиғи тузалгани ҳамда мамлакат «эпидемияни назоратга олганини» маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссия маълумотларига кўра, сешанба куни фақатгина 19 нафар одамда вирус борлиги аниқланган. Бу Хитой ҳукумати шу йилнинг 21 январь куни инфексияланганларни қайд этишни бошлаганидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Баъзи вилоятларда мактаблар қайта очилди ёки дарслар қайта бошланадиган кунлар эълон қилинди. Уханда очилган 16 та шифохоналарнинг аксарияти ёпилган бўлиб, уларнинг охирги иккитаси сешанба куни ёпилиши кутилмоқда.






