"Банкир кундалиги" телеграм каналида "Мурожаатга бефарқ муносабат" сарлавҳали танқидий пост эълон қилинди. Унда Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи Жуманазаров Сирожбек исмли фуқаро Халқ банкидан кредит ололмаётгани, олдин ҳам шу канал орқали мурожаати эълон қилинганидан сўнг молия муассасаси ходимлари 33 млн. сўм кредит ажратилишини айтишгани ёзилган. Бироқ орадан 1 ой муддат ўтишига қарамасдан, фуқарога кредит ажратилмаганидан шикоят қилган. Халқ банки раҳбарияти ушбу мурожаатни қайта ўрганиб чиқди.
Маълум бўлишича, фуқаро Жуманазаров Сирожбек "Сухроббек Сирожбек" оилавий корхонаси номига тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш учун банкнинг Хонқа тумани филиалига кредит ажратилишини сўраб мурожаат қилган. У кредит таъминоти суғурта компаниясининг кредит қайтмаслик хатари юзасидан суғурта полисини беришини билдириб, бошқа таъминот тақдим қилмаслигини айтган.
Банк ходимлари суҳбат жараёнида фуқарога таъминот сифатида кредит ҳисобига сотиб олинадиган тикув машиналарини ҳам гаровга қўйиши мумкинлигини маълум қилган. Шундан сўнг банк ходимлари томонидан мижознинг фаолият жойида дастлабки мониторинг ўтказилганда 2 дона тикув машинаси борлиги аниқланган. Ваҳоланки, мижоз томонидан банкка таъминотчи корхона томонидан 6 дона тикув машинаси етказиб берилгани тўғрисидаги юк хати тақдим этилган.
Шу боис кредит ажратишга масъул бўлган банк ходими кредит қайтиши хатари юқори бўлгани боис мижоздан қўшимча таъминот сўраган. Бироқ мижоз бунга ўз норозилигини билдирган.
Айни пайтда ушбу масала Халқ банки раҳбарияти томонидан назоратга олинди. Тадбиркорга мавжуд қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда кредит ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Шу ҳақиқатни ҳам айтиш керакки, турли ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган мурожаатлар ўрганилганда уларнинг аксарияти ўз тасдиғини топмаяпти. Мавжуд қонунчилик талаблари асосида барча ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнггина мижозларга кредит ажратилади. Халқ банкининг ҳеч бир ходимига, қонунни четлаб ўтиб, мижозга кредит ажратиш ваколати берилмаган.
Яна бир гап, Халқ банки томонидан яқинда "Oilaviy biznes" мобиль иловаси ҳам ишга туширилди. Бу орқали аҳоли тадбиркорлигини кредитлаш онлайн тарзда амалга оширилади. Яъни бунда инсон омили камайтирилиб, мижозларга қулай ва шаффоф кредит хизматлари кўрсатилади. Ушбу илова ишга туширилган бўлса-да, Халқ банкининг барча филиалларига мижозлар тўғридан-тўғри ёзма мурожаат орқали ҳам кредит олиш истагини билдириши мумкин. Бу масалада ҳеч қандай чеклов қўйилмаган.
Шунингдек, "Банкир кундалиги"да эълон қилинган постда Халқ банкида март ойидан бошлаб истеъмол, микроқарз, автокредит каби кредитлар ажратилиши тўхтаб қолганига эътироз билдирилган. Шуни маълум қиламизки, Халқ банки ўз имкониятлари доирасида ва мавжуд молиявий ресурсларидан келиб чиққан ҳолда кредит ажратади. Ҳеч бир тижорат банкларида молиявий ресурслар чексиз эмас, дея расмий тушунтириш берилган Банк Ахборот хизмати хабарида.