Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Aлишер Саъдуллаев Бирлашган Aраб Aмирликларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Саид Матар Султан ас-Сири ал-Камзи билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон ва Бирлашган Aраб Aмирликларининг ёшлари масалаларида ҳамкорлик қилиш бўйича ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ёшлар сиёсатини қўллаб-қувватлашга қаратилган бешта ташаббуслари доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолияти юзасидан маълумот берилди. Бирлашган Aраб Aмирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган "Экспо-2020" халқаро кўргазмаси учун тайёргарлик ишлари эътироф этилди.
Бирлашган Aраб Aмирликларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси ҳам БAAда ёшларга оид амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида сўз юритди. Ўзбекистондаги олиб борилаётган ёшлар сиёсатига илиқ муносабат билдирди.
Саид Матар Султан ас-Сири ал-Камзи Дубай шаҳрида ўтказиладиган
"Экспо-2020" халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон делегацияси таркибида ёшларнинг иштирокига алоҳида урғу берди. Халқаро ҳамкорлик учрашувларига ҳам ёш кадрларни жалб қилиш кераклигини қайд этди.
Бундан ташқари, ҳамкорлик мулоқотида икки давлат таълим тизимини янада ривожлантириш мақсадида ёшлар учун махсус талабалар алмашинув дастурларини ташкил этиш ва ўзбек ёшларининг Бирлашган Aраб Aмирликларидаги Дипломатия Aкадемиясида малакаларини ошириш таклифи ҳам илгари сурилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакилларининг халқаро технологиялар, ёшлар тадбиркорлиги, таълим ва экология соҳаларида икки давлат ёшлари учун махсус инкубаторлар ташкил этиш ва тажриба алмашинувига қаратилган икки мамлакат ёшлари учрашувларини амалга ошириш билан боғлиқ таклифлари БAAнинг Ўзбекистондаги вакиллари томонидан маъқулланди.
Учрашув якунида БAAнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан БAA ва Ўзбекистон ёшлари ҳамкорлигини ривожлантириш масаласида келгусидаги режалар тузиб олинди.