2020-йилнинг 11-март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Япониянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ёшинори Фужияма билан учрашди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирилиги маълум қилмоқда.
Суҳбат чоғида Афғонистондаги вазиятни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Япониянинг, умуман халқаро ҳамжамиятнинг афғонлараро музокаралар жараёнини бошлашга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Япония томони Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш, бутун афғон халқи манфаати учун унинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклашга бундан кейин ҳам фаол ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида Афғонистондаги инқирозни тинч йўл билан ҳал этишнинг энг мақбул йўлларини топпиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги тўғрисида келишиб олинди.
11.03.2020 12:49
Президентнинг махсус вакили Япония элчиси билан учрашди






