1

Коронавирус жиддий. Қочиб қутулиш имконсиз, унга тайёр туриш керак — Канададан ватандошимиз ўзбекистонликларни хушёрликка чақирмоқда

ЖАМИЯТ 12.03.2020, 09:36
Коронавирус жиддий. Қочиб қутулиш имконсиз, унга тайёр туриш керак — Канададан ватандошимиз ўзбекистонликларни хушёрликка чақирмоқда

Хитойда ўтган йилнинг декабрь ойида пайдо бўлган коронавирус сўнгги маълумотларга кўра, дунёнинг 114 давлатини забт этиб бўлди ва тарқалишда давом этяпти. Шунга кўра, барча мамлакатларда ушбу вирусдан ҳимояланиш бўйича кенг ташвиқотлар олиб борилмоқда. Сабаби, мутахассислар бу вирус барча мамлакатларга етиб боришини тахмин қилишмоқда. Бу борада айни пайтда Канадада фаолият юритаётган ватандошимиз шахсий каналида дунёдаги вазият ҳақида ўз мулоҳазалари ва маслаҳатларини маълум қилди. 

“Ангела Меркель айтди, немисларнинг 70 фоизигача бу вирусни юқтириши мумкин. Германияда! Дунёдаги энг ривожланган давлатларнинг бирида. Канада Бош вазири ўринбосари ҳам Меркель берган рақам ҳақиқатга яқин экани, Канада ҳукумати ва халқи тайёр туришини таъкидлади.

Нью-Йорк губернатори вирусга қарши икки йўл билан курашиш мумкинлигини айтди: (а) оммавий анализ олиш ва вирус чиққанларни карантин қилиш ёки (б) оммавий ижтимоий изоляция. Вирус аниқланмасидан мактаб, боғча, ишхона, бозорлар ёпилади ва ҳамма уйида ўтиради.

Барча олимлар, сиёсатчилар, раҳбарлар, Хитой, Жанубий Корея, Италия тажрибаси шуни кўрсатяптики, вирусдан қочиб қутилиш қийин. Шундай экан, унга тайёр туриш керак.

70 фоиз аҳолига коронавирус юққан тақдирда ҳам максимум 5 фоиз аҳоли қурбон бўлиши мумкин. Ўлиш хавфи юқори бўлган кишиларга қариялар ва аввалдан касали бор (диабет, рак, ВИЧ, гепатит) инсонлар киради.

Ҳозир ривожланган давлатлар ҳукуматлари қўллаётган тактика касалхонага мурожаатларни максимал камайтиришдан иборат. Максимал маълумот бериб, касалликнинг енгил формаларини уйда даволаш. Касалларни уйда изоляция қилиш. Акс ҳолда касалхоналарда жой қолмай, коронавирус юқтирмаган ўнлаб, ҳатто юзлаб бошқа касаллар вафот этмоқда (Италия ва Жанубий Кореяда).

Канада соғлиқни сақлаш агентлиги минг марта қайтарди: симптом бўлса кўчага чиқма, докторга борма, касалхонага борма! 8-1-1 — шошилинч бўлмаган тиббий ёрдам рақамига телефон қил, у ерда ҳамширалар симптомларни ўрганади ва кейин нима қилиш кераклигини ўргатади. Чунки касал одам автобусга чиқиб, касалхонага борса, йўл-йўлакай ўнлаб одамларга юқтириши мумкин.

Менимча (адашаётган бўлсам хурсанд бўламан) Ўзбекистондаям бу вирус аллақачон бор. Ёки докторлар билмайди (анализ қилиш имконияти йўқ, касаллар уйида қўй ёғи суртиб ётибди, ва ҳ.к.), ёки беркитишяпти.

Паника қилиш керак эмас, тайёр туриш керак. Дефицитга, боғча ва мактаблар ёпилишига, ҳаёт тарзи кескин ўзгаришига. Уйга бир ойга етадиган айнимайдиган овқат ва масаллихлар, салфеткалар, дезинфекция воситаларини жамғариб қўйиш керак. 

Касал ва унинг уйидагилар бозорга бормаслиги керак. Канада ҳукумати маслаҳатига кўра, бозорни таниш-билишлар қилиб, эшикнинг тагига қўйиб кетиши керак, зинҳор касал бор уйга кирмаслиги керак.

Баъзилар коронавирус деса ҳингир-ҳингир қилиб, ҳазилга олиб, АҚШ ва Хитой уруши деб, ўзини овутиб ўтирибди. Бунақалардан сақланинг. Жиддий қаранг, лекин ваҳимага тушманг.

Ўзингиз ва оилангизни вирусдан асранг. Асосий қилиниши керак бўлган ишлар:

1. Қўлни ювинг, совунлаб, 20 сония давомида. Совунлаб ювилган қўлга антисептик ишлатиш шарт эмас;

2. Юзингизга тегманг. Ифлос қўллар билан юз ва кўзларга тешиш орқали вирусни юқтириш мумкин экан;

3. Мазангиз бўлмаса кўчага чиқманг.

Мана шу уч қадамни бажаришни барча ривожланган давлатлар ҳукуматлари ва олимлар таъкидлашмоқда”, — дея олисдаги ўзбекистонликларни огоҳлантирмоқда Фарҳод Файзуллаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианне Куппенс Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиш эҳтимоли юқори эканини таъкидлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1