1

Нодир Жумаев: Миллий автомобил ишлаб чиқарувчиларимизда узоқ йилларга мўлжалланган стратегик режа йўқ

ЖАМИЯТ 12.03.2020, 13:48
Нодир Жумаев: Миллий автомобил ишлаб чиқарувчиларимизда узоқ йилларга мўлжалланган стратегик режа йўқ

Бугун оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқларда  UzAutoMotors томонидан автомобиль нархларининг 21 фоизгача, хусусан, “Damas”, “Spark”, “Cobalt”, “Nexia” каби халқимиз томонидан харидоргир бўлган ва уларнинг сотиб олиш қобилиятига яқин автомобилларнинг нархларидаги ўсиш кенг муҳокама қилинмоқда. Иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев ҳам ижтимоий саҳифасида бунга муносабатини билдирган.

Профессор Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзавтосаноат” АЖ масъуллари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда мутасаддиларнинг автомобиллар нархининг ошишини валюта девальвацияси, ҚҚС тўловлари билан изоҳлашганидан таажжубга тушганлигини айтади. 

Ва ўзини қизиқтирган саволлар ва мулоҳазаларини ўртага ташлайди.

- Шу ўринда яна бир масала. 2020 йилнинг 4 мартига қадар шартнома имзолаган харидорлар учун шартномадаги барча шартлар сақлаб қолинади, дея таъкидлашган эди миллий авто ишлаб чиқарувчилар. Лекин, янги нархлар ҳақидаги жадвал 2020 йил 9 март куни расмий сайтда жойлаштирилгани истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш эмасми?

Фикримизча, миллий авто ишлаб чиқарувчиларимизда узоқ йилларга мўлжалланган стратегик режа йўқ. Бугун давлатимиз раҳбари халқни рози қилиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш борасида кўплаб ташаббусларни илгари сураётган шароитда бу каби ҳаракатлар халқнинг норозилигини уйғотиши табиий.

Умуман олганда, мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати даврида UzAutoMotors нинг бу каби ҳаракати халқимиз манфаатларига ҳам, ислоҳотлар жараёнига ҳам мос эмас.

Сайловчиларни қийнаётган муаммолар ва уларни ташвишга солаётган масалалар юзасидан халқимизнинг фидойи хизматчиси сифатида фаолият юритишга бел боғлаган депутатлар бу масалада алоҳида иш олиб боради. Алоҳида комиссия тузилиб, парламент назорати тартибида нархларнинг ўсишига оид мутасаддилар томонидан кўрсатилаётган сабаблар чуқур таҳлил қилинади.

Ҳар бир ҳаракатимиз, амалга оширилаётган ислоҳотларимиз халқимиз манфаатларига хизмат қилиши керак. Фаолиятимизда шаффофлик бўлмас экан, биз бунга эриша олмаймиз, иқтисодий ўсиш ҳам, фаровонлик ҳам ўз жойида қотиб қолади.

Шу ўринда UzAutoMotorsнинг парламент қуйи палатасига келиб, мавжуд ҳолат бўйича изоҳ беришини очиқлик, шаффофлик сари ташланган қадам, дейиш мумкин. Зеро, ҳаммамиз шу халқ учун, унинг манфаатларини таъминлаш учун масъулмиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1