Давлат тилини ривожлантириш департаменти Ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда til.gov.uz сайтини ишга туширди. Бу ҳақда департамент матбуот хизмати хабар қилди.
Айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 12 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг ўзбек тилининг давлат тили сифатида қўлланилишини кенгайтириш, ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган (47 банддан иборат) чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.
Дастурда давлат тилининг интернет тармоғидаги нуфузини ошириш, ахборот технологиялари воситасида ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлганлар учун қулайликлар яратиш бўйича вазифалар белгиланган.
Ушбу тавсиялардан келиб чиқиб тайёрланган Веб-сайт қуйидаги қулайликларга эга:
- фойдаланиш учун қулай;
- содда, аниқ ва оммабоп;
- видео ва аудио контентлар, хусусан, онлайн дарслар учун платформа бўлиб хизмат қилади;
- лотин алифбосида;
- энг муҳими, тил қоидалари бузилиши юзасидан шикоят қилиш ёки давлат тилини ривожлантириш бўйича таклифлар бериш мумкин.
Шу билан бирга, Давлат тилини ривожлантириш департаментининг ижтимоий тармоқлар — “Фейсбук”, “Твиттер” ҳамда “Телеграм” мобиль мессенжерларида саҳифалари жорий этилади. Ушбу саҳифалар орқали аввало давлатимиз раҳбари бошчилигида ўзбек тилининг нуфузини ошириш борасидаги олиб борилаётган ислоҳотлар тарғиб қилинади. Қолаверса, тил ривожи, унинг турли камчиликлардан холи бўлиши учун билдирилаётган фикрлар ўрганиб борилади, ўринсиз талқинларнинг олди олинади.
Чора-тадбирлар дастурига мувофиқ яратилаётган онлайн платформалар, қўлланмалар, луғатлар, дастурий иловаларнинг сайт орқали тарғиботини йўлга қўйиш ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар аудиториясини кенгроқ қамраб олиш имконини беради.